Ғиждувонда “Юксалиш мактаби”нинг 11-филиали очилди
2024-10-28 10:20:00 / Янгиликлар

Китоб – умр йўлларини ёритувчи сўнмас нур, инсон ҳаётига мазмун бахш этувчи саодат манбаи, унга ҳар қандай вазиятда ҳам ҳамроҳ бўлувчи содиқ дўст. Инсоннинг маънавий камолотини таъминлашда китоб сингари кучли қудратга эга восита йўқ. Шу боис азалдан маърифат пешволари, аҳли дониш бутун инсониятни китоб ўқишга, ундан илму одоб сирларини ўрганишга чорлаб келишган. Китоб мутолааси кишида шундай чин инсоний фазилатларни шакллантириб, унинг ҳаётда ўз ўрнини топишида, жамиятнинг чинакам аъзосига айланишида, дунёқарашининг кенгайишида беқиёс аҳамиятга эга.
Ғиждувон тумани “Ҳавзак” МФЙда “Юксалиш мактаби”нинг филиали ўз фаолиятини бошлади. Бу республика вилоятлардаги 11-филиал ҳисобланади. Шу муносабат билан куни кеча туман ҳокими Шерзод Ашуров, “Юксалиш мактаби” асосчиси Муҳаммадали Эшонқулов, мактаб ва мактабгача таълим бўлими масъуллари иштирокида мактаб очилишига бағишланган тадбир ташкиллаштирилди.
Ушбу таълим муассасаси 11 йиллик таълим тизимига асосланган бўлиб, унда шинам ва замонавий жиҳозланган хоналар, зарур шарт-шароит ҳамда 200 ўринга эга бўлган ётоқхона ишга туширилди. Бунда ихтисослаштирилган ҳамда давлат таълим стандартидаги фанлар, китобхонлик, қўшимча тўгараклар ҳамда робототехника фанидан машғулотлар ўтказилади. Шунингдек, инглиз, корейс, рус ва араб тиллари тўгараклари, китобхонлик, кечки пайтларда спортнинг шахмат-шашка бўйича тўгараклари, замонавий касбларга ўргатиш ҳам ўрин олган.
Бундан ташқари, таълим муассасасида замонавий жиҳозланган IT, 3D, SMM дастурлаш хоналари, спорт зали, китоблар билан бойитилган кутубхона ҳам мавжуд. Таҳсил оладиган ўқувчиларга уч маҳал иссиқ овқат ҳам берилади.
— Биз асли Бухорога бегона эмасмиз, ота-боболаримиз аҳли илм ўтишган, улар бухоролик бўлишган, – дейди Муҳаммадали Эшонқулов. — Юз йил аввал боболаримиз баъзи сабабларга кўра Жиззахга кўчиб кетишган. Бобомиз кетганида битта туяда ҳеч нарсасиз кетган. Бугун 4-авлод вакили сифатида мен анча нарса билан келдим. Ҳали бу ерда чуқур томир қўямиз. Бухоройи шариф бизнинг боболаримиз юрти, шундай экан, бу ерда маҳаллий болаларни ўқитиб, илмнит ривожлантириш мақсадидамиз.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









