Ғиждувон: Олис овулда эзгу ишлар, янги ташаббуслар кенг қанот ёймоқда
2026-11-24 09:30:00 / Янгиликлар

Зеро, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларидан бирор бир ҳудуд, бирор бир маҳалла ёки хонадон четда қолмаслиги лозим. Айниқса, марказдан олисда жойлашган қишлоқ ва овулларда истиқомат қилаётган аҳоли, таълим муассасалари, педагоглар ҳамда ёшлар доимо эътибор марказида бўлиши муҳим аҳамият касб этади.
Ана шу эзгу мақсадлар йўлида Ғиждувон тумани ҳокимлиги ҳамда туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъулларидан иборат ишчи гуруҳ туман марказидан қарийб 165 километр узоқликда жойлашган «Кўкча» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли «Оғитма» овулида бўлди.
Бундан кўзланган асосий мақсад олис ҳудуддаги таълим муассасалари фаолиятини ўрганиш, мавжуд шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш, педагоглар ва аҳоли вакиллари билан мулоқот қилиш, шунингдек, Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудни кўкаламзорлаштириш ишларини кенгайтиришдан иборат бўлди.
Сафар давомида «Оғитма» овулидаги 38-сонли умумтаълим мактаби ҳудудида кўчат экиш тадбири ташкил этилди. Унда мактаб ҳудудига 500 туп мевали дарахт кўчати ўтқазилди. Ушбу хайрли тадбирда туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими мутасаддилари, умумтаълим мактаблари директорлари, педагоглар ҳамда жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этди.
Экилган ҳар бир ниҳол нафақат мактаб ҳудудининг янада кўркамлашиши, балки келгусида яшил боғ барпо этилиши, экологик муҳитнинг яхшиланиши ва ўқувчиларда табиатга нисбатан меҳр-муҳаббат туйғусини шакллантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Айниқса, таълим муассасаларида кўкаламзорлаштириш ишларини кенгайтириш орқали болаларга табиатни асраш, дарахтларни парваришлаш ва атроф-муҳитга масъулият билан муносабатда бўлиш каби муҳим ҳаётий қадриятларни амалий тарзда сингдириш мумкин.
Бугун мактаб ҳудудига қадаб қўйилган 500 туп кўчат эртанги кунга қаратилган эзгу ният, табиатга ғамхўрлик ва келажак авлод саломатлиги учун қўйилган муҳим қадамдир.
Ишчи гуруҳ аъзолари 38-сонли умумтаълим мактаби фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Мактабда яратилган шарт-шароитлар, ўқув хоналарининг ҳолати, дарс жараёнларининг ташкил этилиши, ўқувчиларнинг билим олиши учун мавжуд имкониятлар ҳамда таълим сифатини оширишга қаратилган ишлар атрофлича ўрганилди.
Педагоглар жамоаси билан ўтказилган самимий мулоқот жараёнида таълим-тарбия самарадорлигини янада ошириш, ўқувчиларнинг билим ва салоҳиятини ривожлантириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидлаш жоизки, олис ҳудудларда фаолият юритаётган таълим муассасаларида ҳам иқтидорли, билимга чанқоқ ва катта мақсадлар сари интилаётган ёшлар талайгина. Бунинг яққол ифодаси сифатида туман босқичида ўтказилган асосий фан олимпиадасида ғолибликни қўлга киритиб, вилоят босқичига йўлланма олган мактаб ўқувчиларининг эришган натижаларини келтириш мумкин.
Ана шу иқтидорли ўқувчиларга ташаккурномалар ва эсдалик совғалари топширилди. Ёшларнинг билим ва интилишларини эътироф этиш, уларни муносиб рағбатлантириш тадбирнинг энг қувончли лаҳзаларидан бири бўлди. Бу каби эътибор ва рағбат ёшларни янада катта ютуқларга ундаши, уларнинг ўз кучига бўлган ишончини мустаҳкамлаши шубҳасиз.
Ишчи гуруҳнинг кейинги манзили Айнур Бердиева томонидан ташкил этилган 25 ўринли оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти бўлди. Мазкур муассасада кичик ёшдаги болалар учун яратилган шароитлар, таълим-тарбия жараёнининг ташкил этилиши, болаларнинг кундалик машғулотлари ҳамда уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун мавжуд имкониятлар билан танишилди.
Муассаса раҳбариятига кўрсатаётган фаолияти ва болалар тарбиясига қўшаётган ҳиссаси учун ташаккурнома ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди. Мулоқот давомида муассаса фаолиятида учраётган айрим муаммо ва таклифлар тингланиб, уларнинг ечими юзасидан фикр алмашилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш, таълим-тарбия сифатини янада яхшилаш ва фаолият самарадорлигини ошириш бўйича масъулларга тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Зеро, мактабгача таълим боланинг келгуси ҳаёти, дунёқараши ва шахс сифатида шаклланишида муҳим ўрин тутадиган дастлабки босқичдир. Шу боис бу соҳадаги ҳар бир ташаббус ва амалий ҳаракат келажакка қаратилган муҳим сармоя ҳисобланади.
Сафар давомида амалий ишлар билан бир қаторда, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг жисмоний фаоллигини ошириш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда мактаб ўқувчилари ҳамда устоз-мураббийлар иштирокида футбол мусобақаси ташкил этилди.
Қизғин ва дўстона руҳда кечган спорт беллашуви иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади. Мусобақа давомида ўқувчиларнинг жамоавийлик, ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва ғалабага интилиш каби фазилатлари яна бир бор намоён бўлди. Бундай тадбирлар ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва соғлом ҳаёт тарзини кундалик турмуш тарзига айлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Куннинг иккинчи ярмида ишчи гуруҳ ҳудудда фаолият юритаётган шамол электр станциясида бўлиб, мазкур объектда амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Мутахассислар томонидан лойиҳанинг асосий йўналишлари, шамол энергиясидан электр энергияси ишлаб чиқариш жараёни, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятлари ва бу борадаги истиқболли режалар ҳақида маълумотлар берилди.
Қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бугунги кунда нафақат энергетика соҳасининг муҳим вазифаси, балки экологик барқарорликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва келажак авлод учун мусаффо атроф-муҳитни сақлашнинг ҳам муҳим омилидир. Шу маънода, шамол электр станцияси фаолияти билан танишиш ҳам ҳудудда амалга оширилаётган замонавий бунёдкорлик ишлари ва энергетика соҳасидаги имкониятларни яқиндан ўрганишга хизмат қилди.
Тадбирлар якунида ишчи гуруҳ аъзолари «Оғитма» овулидан туман марказига қайтиш жараёнида қумли чўл ҳудудидан ўтувчи йўналишда ҳам бўлиб, мазкур ҳудуднинг ўзига хос табиий шароити, географик хусусиятлари ва мавжуд имкониятлари билан танишди.
Ушбу сафар яна бир бор шуни кўрсатдики, масофанинг узоқлиги эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга тўсиқ бўла олмайди. Муҳими, ҳар бир ҳудудда яшаётган инсонларнинг дардига қулоқ тутиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш, таълим ва тарбия сифатини ошириш, ободонлаштириш ишларини кенгайтириш ҳамда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишдир.
Ғиждувон туманининг энг олис манзилларидан бири бўлган «Оғитма» овулида амалга оширилган мазкур эзгу ишлар инсон қадрини улуғлаш, ҳудудларни бирдек ривожлантириш, таълим-тарбияга эътиборни кучайтириш ва экологик барқарорликни таъминлаш йўлидаги амалий ҳаракатларнинг яна бир ифодаси бўлди.
Энг муҳими, бундай сафарлар жойлардаги мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, уларнинг ечими бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаш, ташаббускор инсонларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли билан масъуллар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
