Ғиждувонда “Яшил макон”: 38 мингдан ортиқ кўчат ва бута экилди
2026-11-19 16:30:00 / Янгиликлар

Бугун туман ҳокими раҳбарлигида ташкилот ва корхоналар вакиллари, кенг жамоатчилик ҳамда ҳомийлар иштирокида “Барака” маҳалласи ҳудудидаги “Олтинсой” дам олиш маскани яқинида йирик кўчат экиш тадбири ташкил этилди.
Тадбирда ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, табиий муҳитни яхшилаш, дарахтзорлар майдонини кенгайтириш ва келгуси авлод учун соғлом экологик муҳит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Туман ҳокимлиги, корхона ва ташкилотлар ҳамда ҳомийлар кўмагида мазкур ҳудудга жами 38 226 туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ҳамда буталар экилди. Бунда ҳудуднинг иқлим шароитига мос, қурғоқчиликка чидамли манзарали дарахтлар, арчалар ва турли мевали ниҳолларни экишга устувор аҳамият берилди.
Ғиждувон туманида 2026 йил кузги мавсуми давомида жами 1 миллион 1 минг 470 туп дарахт кўчати ва бута экиш режалаштирилган. Айни вақтга қадар 733 минг 700 туп кўчат ва бута экилгани “Яшил макон” электрон платформасига киритилган бўлиб, бу умумий режанинг 73,3 фоизини ташкил этмоқда.
Мазкур ишлар фермер хўжаликлари экин майдонлари четлари, боғ ва тутзорлар, маҳаллалар, аҳоли томорқалари, ўрмон фонди ерлари, автомобиль йўллари ёқалари, дарё ва канал бўйлари, таълим ҳамда соғлиқни сақлаш муассасалари, корхона ва ташкилотлар ҳудудларида тизимли равишда амалга оширилмоқда. Шунингдек, чиқинди полигонлари атрофида ҳимоя дарахтзорлари ва саноат корхоналари ҳудудларида яшил белбоғлар барпо этиш ҳам белгиланган.
Кўчат экиш тадбири давомида туман ҳокими иштирокчиларга лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар, мавсумий режалар ва олдинда турган вазифалар ҳақида маълумот берди. Айниқса, кўчатларни ҳудуднинг тупроқ ва иқлим шароитидан келиб чиқиб танлаш, агротехник талабларга мувофиқ экиш, ўз вақтида суғориш ҳамда мунтазам парваришлаш муҳимлиги таъкидланди. Зеро, кўчат экиш билан бир қаторда, унинг келгусида соғлом ўсиб-улғайиши ва яшил майдонларнинг барқарор сақланишини таъминлаш ҳам катта масъулият талаб этади.
Тадбирда ташкилот ва корхоналар вакиллари, маҳалла фаоллари, ҳомийлар ва кенг жамоатчиликнинг фаол иштироки табиатни асраш ва ободонлаштириш йўлидаги эзгу ташаббусларнинг умумий ҳамжиҳатлик асосида амалга оширилаётганини намоён этди. Эзгулик ва бунёдкорлик руҳида ўтган тадбир туман Маданият бўлими томонидан тайёрланган концерт дастури билан янада кўтаринки руҳда давом этди.
Дарҳақиқат, дарахт экиш — бу шунчаки кўчат қадаш эмас, балки табиатга меҳр, ҳаётга эътибор ва келажак авлод олдидаги юксак масъулият ифодасидир. Бугун ерга қадалган ҳар бир ниҳол эртанги куннинг соя-салқини, мусаффо ҳавоси ва гўзал манзарасига айланади.
Ғиждувон туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, экологик барқарорликни мустаҳкамлаш ва обод масканлар барпо этиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






