Бухоро тумани: “Порлоқ истиқбол Муҳриддин” такрорий экинлардан яхшигина даромад олмоқда
2026-11-19 10:05:00 / Янгиликлар
Кеч кузда сабзикорларнинг ҳосилни саранжомлаш, қилинган меҳнат баракасини ҳисоб-китоб қилиш палласи ҳамдир. Айни кунда сабзи етиштиришда Бухоро туманида эришилган натижалар ҳам эътиборга молик. Ҳар бир гектар майдондан ўртача 40 тонна атрофида ҳосил олиш тажрибаси шаклланган.

Биргина Қўшходим маҳалласида фаолият юритаётган “Порлоқ истиқбол Муҳриддин” фермер хўжалигини олсак, қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, ҳосилдан бўшаган ерда такрорий экин экиб, мўл ҳосил етиштириш ва қўшимча даромад олишда кўзланган натижаларга эришилмоқда.
Фермер хўжалиги раҳбари Муҳсин Шодиев бошчилигидаги жамоа жами 30 гектар ер майдонида деҳқончилик қилиб, пахта ва ғалла етиштириш билан бирга, қишлоқ хўжалиги сабзавот маҳсулотлари етиштиришда ҳам кўп йиллик тажрибага эга. Жорий мавсумда 10 гектарда ғалла, 15 гектар ерда саноат учун муҳим хом ашё—пахта етиштириш баробарида такрорий маҳсулот, сабзавот етиштиришга алоҳида эътибор қартилмоқда.
Фермер меҳнат жамоаси бу йил кеч кузги мавсумда 3 гектар майдонда жами 120 тонна сабзи етиштирмоқда. Шу билан бирга, экин ери бир қисмида шолғом, турп, саримсоқпиёз ва кўкатлар ҳам баравж ривожланмоқда. Бу ҳам фермер хўжалигининг ерга бўлган эътибори, деҳқончиликдаги тажрибаси ва самарали меҳнати самарасидир.
Ҳозирда бозорларда сабзининг бир килограми ўртача 2,5-3 минг сўмдан сотилаётган бўлса, фермер бу маҳсулотни пайкалдан шошилинч равишда тарқатишни эмас, балки махсус совуткичли омборда сақлаб, кейинроқ харидорларга сотишни кўзлаб турибди. Асосий мақсад — сабзини сифатини йўқотмаган ҳолда сақлаб, эрта баҳорда бозорга чиқариш ва мавсумий талабдан самарали фойдаланиш орқали хўжалик даромадини янада оширишдир.
Муҳсин Шодиев бошчилигидаги “Порлоқ истиқбол Муҳриддин” фермер хўжалигини такрорий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришдаги тажрибаси шуни кўрсатадики, мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш, меҳнат ва ташаббусни бирлаштириш орқали экин ери ҳар қаричидан унумли фойдаланиш, мўл ҳосил етиштириб, қўшимча даромад манбаларини яратиш мумкин.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
