Бухоро шаҳри: 6-сонли оилавий поликлиника учун замонавий бино барпо этилмоқда
2026-11-18 16:30:00 / Янгиликлар

Айни мақсадда Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги 6-сонли оилавий поликлиника учун замонавий, беш қаватли янги бино қурилмоқда.
Мазкур поликлиника ўтган аср саксонинчи йилларида барпо қилинган бўлиб, тиббий хизмат кўрсатишнинг замонавий талабларига тўлиқ жавоб бермайдиган мослаштирилган бинода фаолият юритиб келган. Муассаса “Ширбуддин” ва унга ёндош 6 та маҳаллада яшовчи жами 35 мингдан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.
Тиббиёт муассасасига янги бино қурилиши эса инвестиция дастури доирасида амалга оширилмоқда. Бу лойиҳанинг умумий қиймати 24 миллиард сўмни ташкил этади. Шундан 22 миллиард сўм қурилиш ишларига, 2 миллиард сўм эса поликлиникани илғор замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга йўналтирилмоқда.
Бунда қурилиш ишларини пудратчи сифатида “ХММ Group” МЧЖ бинокорлари белгиланган меъёр талаблари асосида олиб бормоқдалар.
Лойиҳага мувофиқ, янги тиббиёт муассасасида оилавий шифокорлар ва тор доирадаги мутахассислар учун алоҳида қабул хоналари, телемедицина орқали маслаҳат бериш хоналари, марказий стерилизация бўлими, муолажа хоналари ҳамда стоматология блоки ташкил этилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланадиган муассасада беморларга ташхис қўйиш ва даволаш имкониятлари кенгаяди. Муҳими, янги бинонинг фойдаланишга топширилиши натижасида 35 мингдан ортиқ аҳоли учун бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш шароитлари тубдан яхшиланиб, тиббий хизмат сифати ва самарадорлиги янада оширилади.
Бу каби лойиҳалар аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт инфратузилмасини модернизация қилиш ва ҳар бир фуқаро учун сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини яратишга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







