Ботир Зарипов «Eksim Holding» компанияси раҳбарияти билан учрашди
2026-11-17 18:20:00 / Янгиликлар

Учрашувда компания вакиллари ўз фаолияти, амалга ошираётган лойиҳалари ҳамда электр энергетикаси соҳасида тўплаган тажрибаси ҳақида маълумот берди.
Таъкидланганидек, 1986 йилда Тивникли оиласи томонидан ташкил этилган «Eksim Holding» Туркиянинг йирик инвестиция гуруҳларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда унинг таркибида 20 дан ортиқ шўъба компания фаолият юритиб, қарийб 10 минг нафар ходим меҳнат қилади. Гуруҳ фаолиятининг асосий йўналишлари қайта тикланувчи энергетика, электр энергиясини тақсимлаш ва чакана сотиш, агросаноат ҳамда венчур инвестицияларини қамраб олади.
Компания вакиллари Бухоро вилоятида электр энергиясини тақсимлаш тармоқларини модернизация қилиш, замонавий технологиялар асосида янгилаш ҳамда хусусий бошқарувга ўтказиш орқали соҳага инвестициялар жалб этишдан манфаатдор эканликларини билдирди.
Мазкур ташаббусдан кўзланган асосий мақсад — электр тармоқларининг ишончлилигини ошириш, мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш ва истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлашнинг самарали тизимини йўлга қўйишдан иборат.
Вилоят ҳокими ҳудуднинг энергетика соҳасидаги салоҳияти, хусусан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди. Шунингдек, Бухорода «яшил» энергетика улушини ошириш, энергия сақлаш тизимларини кенг жорий этиш, замонавий энергия сақлаш қурилмалари сонини кўпайтириш ҳамда ушбу йўналишларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
Маълумот учун, «Eksim Holding» таркибидаги «Dicle Elektrik» компанияси Туркияда электр энергиясини тақсимлаш соҳасидаги йирик корхоналардан бири ҳисобланади. Компания 2013 йилда хусусийлаштириш жараёнида харид қилинган бўлиб, мамлакатнинг жануби-шарқидаги олтита вилоятда электр энергиясини тақсимлаш хизматларини кўрсатади. Бугунги кунда унинг 2,5 миллиондан ортиқ абоненти мавжуд.
Компания томонидан электр энергиясини тақсимлаш тармоқларини модернизация қилишга қарийб 45 миллиард турк лираси миқдорида инвестиция киритилган. Натижада электр энергияси йўқотишлари ва ноқонуний истеъмол даражаси 2013 йилдаги 76 фоиздан 2024 йилда 42 фоизгача камайтирилган.
Шунингдек, «Eksim Enerji» компанияси қайта тикланувчи энергетика йўналишида, хусусан, шамол, қуёш ва гидроэнергетика соҳаларида фаолият юритади. 2025 йил якунларига кўра, компаниянинг мазкур йўналишлардаги умумий ўрнатилган қуввати қарийб 1,2 ГВтни ташкил этган.
Учрашув давомида электр энергиясини тақсимлаш тармоқларини модернизация қилиш, хусусий сектор инвестицияларини жалб этиш, соҳада илғор бошқарув тажрибасини жорий қилиш ва ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Томонлар Бухоро вилояти энергетика инфратузилмасини ривожлантириш, унинг ишончлилиги ва самарадорлигини оширишга қаратилган инвестициявий ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









