Бухоро вилояти делегациясининг Туркияга ташрифи: қатор инвестициявий келишувлар ва янги ҳамкорлик лойиҳалари
2026-11-17 18:10:00 / Янгиликлар

Бундан асосий мақсад Бухоро вилоятининг инвестициявий салоҳиятини хорижий ҳамкорларга кенг намойиш этиш, туркиялик инвесторларни ҳудудга жалб қилиш, янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини шакллантириш ва мавжуд иқтисодий алоқаларни амалий натижалар билан бойитишдан иборат бўлди.
Хусусан, делегация Истанбул шаҳрида «Seamo Agency» («Seamo Dış Ticaret A.Ş.») компанияси раҳбарияти билан учрашув ўтказди.
Музокаралар давомида Когон туманидаги «Бухоро саноатни ривожлантириш парки» ҳудудида пайпоқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш, ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотларни Европа давлатларига экспорт қилиш бўйича дастлабки келишувга эришилди.
Мазкур лойиҳа ҳудудда экспортга йўналтирилган саноат ишлаб чиқаришини кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шунингдек, Анқара шаҳрида Анқара ривожланиш агентлиги ва UKSAD тадбиркорлар жамияти иштирокида бизнес-форум ҳамда B2B учрашувлари ташкил этилди.
Унда Бухоро вилоятининг инвестициявий имкониятлари, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги салоҳияти, шунингдек, хорижий сармоядорлар учун таклиф этилаётган истиқболли лойиҳалар тақдим қилинди.
OSTİM саноат палатаси раҳбарияти билан музокаралар ўтказилиб, саноат кооперациясини ривожлантириш, қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини йўлга қўйиш ва технологик тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди. Учрашув якунида OSTİM саноат палатаси ва Гиждувон эркин иқтисодий зонаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ташриф доирасида «Senkron Plastik» компанияси билан пластмасса маҳсулотлари ишлаб чиқариш, «ELMED» компанияси билан эса тиббиёт ускуналарини ишлаб чиқариш ва замонавий технологияларни жорий этиш бўйича ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.
Таълим соҳасида ҳам муҳим натижага эришилди. OSTİM Technical University ва Бухоро давлат техника университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжат доирасида академик алмашинув, талабалар ва профессор-ўқитувчилар стажировкалари, қўшма илмий тадқиқотлар ҳамда таълим дастурлари бўйича ҳамкорликни ривожлантириш назарда тутилган.
Бундан ташқари, Анқара савдо палатаси раиси Гюрсел Баран (Gürsel Baran) билан учрашув ўтказилди. Унда икки ҳудуд тадбиркорлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, бизнес делегациялар алмашинувини йўлга қўйиш ва туркиялик инвесторларни Бухоро вилоятига жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Конья вилояти ҳокими ўринбосари Зейит Шенер билан мулоқотда Бухоро ва Конья вилоятлари ўртасидаги биродарлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, саноат, қишлоқ хўжалиги, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, Конья саноат палатаси раҳбарияти билан учрашувда Бухоро вилоятига инвестициялар жалб қилиш, қўшма корхоналар ташкил этиш ва замонавий ишлаб чиқариш технологияларини жорий қилиш бўйича фикр алмашилди.
Қишлоқ хўжалиги йўналишида Туркиянинг «Taşpınar Tarım Ticaret ve Sanayi» компанияси ҳамда Бухоро вилоятидаги «Zahro Yulduzi» МЧЖ ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини назорат қилишга ихтисослашган замонавий лаборатория ташкил этиш бўйича дастлабки келишувга эришилди.
Шу билан бирга, Бухоро шаҳрида умумий қиймати 115 миллион АҚШ доллари бўлган метил-трет-бутил эфир (МТБЭ) ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш бўйича дастлабки келишувга эришилди. Мазкур лойиҳа кимё саноатида янги ишлаб чиқариш йўналишини шакллантириш ва ҳудуднинг саноат салоҳиятини оширишга қаратилган.
Измир шаҳрида «Vural Group» («Vural PVC Yapı Malzemeleri Sanayi ve Ticaret A.Ş.») компанияси вакили Уғур Вурал (Uğur Vural) билан учрашув ўтказилди.
Музокаралар натижасида мазкур компания ҳамда Гиждувон туманидаги «Машҳура» корхонаси ҳамкорлигида алюминий профиллар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши қурилиш материаллари саноатида маҳаллий ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ҳажмини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш учун замин яратиши мумкин.
Умуман олганда, Туркияга амалий ташриф давомида Бухоро вилояти учун саноат, кимё, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ускуналари ишлаб чиқариш, қурилиш материаллари, тўқимачилик ва таълим соҳаларини қамраб олган бир қатор истиқболли ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.
Айниқса, OSTİM саноат палатаси ва Гиждувон эркин иқтисодий зонаси, шунингдек, OSTİM Technical University ва Бухоро давлат техника университети ўртасида имзоланган меморандумлар ҳамкорликнинг институционал асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Эришилган келишувлар Бухоро вилоятининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, замонавий технологияларни жалб қилиш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва маҳаллий корхоналарнинг халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Эндиликда белгиланган ташаббусларнинг ҳар бири бўйича аниқ техник-иқтисодий ҳисоб-китобларни ишлаб чиқиш, молиялаштириш механизмларини белгилаш ва лойиҳаларни амалий босқичга ўтказишга алоҳида эътибор қаратилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
