Когон тумани: “Нақшбанд ҳунармандлари” имкониятларини кенгайтирмоқда
2026-11-17 11:25:00 / Янгиликлар

Ҳудудда Боғиболо, Чорчинор, Янги йўл, Орифон каби ўндан зиёд кўча бўлиб, жумладан, 2 та умумтаълим мактаби, 1 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 8 та оилавий болалар боғчаси, қатор корхона ва ташкилот, меҳнат жамоалари, ўнлаб тадбиркорлик субъекти ва кичик корхона фаолият кўрсатмоқда.
Ҳудудда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга имконият ва даромад манбаларини яратиш, жамиятдаги фаоллигини ошириш, бизнес режаларини рўёбга чиқариш борасида кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларни меҳнат фаолиятига жалб этишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Инобат Жалилова ҳам ана шундай ташаббускор аёллардан бири. У ўзининг “Нақшбанд ҳунармандлари” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиб, тикувчилик йўналишида самарали фаолият олиб бормоқда. Айни кунда кичик корхонада болалар кийим-кечаги, миллий либослар, аёллар кийимлари ҳамда чойшаблар бежирим тикиб тайёрланаётгани буюртмачиларга манзур бўлмоқда.
Маҳалллада ишсиз аёлларни касб-ҳунарга ўргатиш ва даромад топишига кўмаклашиш мақсадида ҳозирда 15 нафардан ортиқ хотин-қиз Инобат Жалилолованинг цехида тикиш-бичишга жалб қилиниб, чеварлик касби сирларини пухта ўзлаштирмоқда. Шулардан тикувчилик йўналишини яхши эгаллаган 13 нафар чевар аёл корхонага ишга қабул қилинган. Яна касаначилик асосида меҳнат қилиб, мунтазам даромад топиш имкониятига эга бўлаётганлар бор. Эътиборлиси, иш билан таъминланган аёлларнинг 6 нафари ногиронлиги бўлган фуқаролар, уй бекаларидир.
Корхонада тикиб тайёрланган маҳсулотлар ички бозорда, шунингдек, интернет-дўконлар орқали харидорларга етказилмоқда. Биргина ташаббус ва тикув цехининг ойлик даромади ўртача 30 миллион сўмдан ортиқни ташкил этмоқда. Тикувчилар жамоаси айни пайтда “Сараён” маҳалла фуқаролар йиғини маъмурий биносида, бўш турган хонада шартнома асосида фаолият юритмоқда.
Муҳими, Инобат Жалилованинг тадбиркорлик фаолияти хотин-қизлар салоҳиятини рўёбга чиқариш, ишсиз хотин-қизларни моддий манфаатли иш билан таъминлаш, ногиронлиги бўлган аёллар учун муносиб меҳнат шароитини яратишга хизмат қилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
