Ғиждувон: Зарангари маҳалласида “Прокурор боғи” барпо қилинмоқда
2026-11-16 20:15:00 / Янгиликлар
“Яшил макон”—юрт ободлиги ва кўкаламзорлиги, экологик барқарорлик йўлида эзгу ташаббус! “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Ғиждувон туманида ҳам маҳалла ва қишлоқларни кўкаламзорлаштириш, яшил майдонларни кенгайтириш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ташкил этилганининг 35 йиллиги муносабати билан “Прокуратуранинг 35 йиллигига — 35 минг туп дарахт” шиори остидаги акция тадбири туманда ҳам уюшқоқлик билан ташкил этилди.
Ғиждувон тумани прокуратураси ташаббуси билан Мажбурий ижро бюроси туман бўлими, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Экология ва ўрмон хўжалиги ҳамкорлигида “Зарангари” маҳалласида фаолият юритаётган 10-сонли умумтаълим мактаби ҳудудидан танланган ер майдонида “Прокурор боғи” ташкил этишга киришилди.
Тадбир доирасида боғ учун ажратилган ер майдони агротехник жиҳатдан тайёрланди, маҳаллий ўғит киритилиб, суғориб ҳайдалганидан сўнг тупроқ-текислаш ишлари бажарилди. Шундан сўнг бу ерда 675 туп манзарали ва 675 туп мевали, жами 1 350 туп дарахт кўчатларини ўтқазиш ишлари бошланди. Кўнгиллилар ҳашарига айланган бу тадбирда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари билан бирга маҳалла фаоллари, ёшлар иштирок этдилар.
Таъкидлаş жоизки, жорий йил кузги мавсумида туман бўйича дарахт ва бута кўчатлари ўтқазиш кўлами икки баробар оширилиб, жами 1 миллион 984 минг туп кўчат ўтқазиш чора-тадбири кўрилмоқда. Зеро, бугун ҳар бир ўтқазилаётган ниҳол—табиатга меҳр, келажак авлодга эътибор ва юртимиз экологик барқарорлигига қўшилаётган муносиб ҳиссадир. “Прокурор боғи” нафақат яшил ҳудуд, балки ёш авлод қалбида табиатга меҳр, атроф-муҳитга масъулият ва экологик маданиятни шакллантиришга хизмат қилувчи эзгу ташаббусдир.
Табиатни асраш, яшил маконларни кўпайтириш, маҳалла ва қишлоқларни кўркам, сўлим масканга айлантириш—шу юртда яшаётган ҳар бир фуқаронинг зиммасидаги бурчи, виждон амридир!
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
