Олот: “Mehr va shifo markazi” фаолияти йўлга қўйилди
2026-11-16 10:05:00 / Янгиликлар
"Эски Олот" маҳалла фуқаролар йиғинида ўзгалар парваришига муҳтож аҳоли вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларга ижтимоий ва тиббий хизматлар кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган “Mehr va shifo markazi” ўз фаолиятини бошлади.

Тадбирда туман ҳокимлиги, тегишли ташкилот ва идоралар мутасаддилари иштирок этишиб, марказ фаолиятининг йўлга қўйилиши юртимизда инсон қадри, ижтимоий ҳимоя ва меҳр-оқибат тамойилларининг амалий ифодаси эканини таъкидладилар.
Мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 18 июндаги 376-сонли қарори асосида амалга оширилаётган “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасидаги ишларнинг мантиқий давомидир.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Бухоро вилояти бошқармаси ҳамда туманда фаолият юритаётган “Офарин-444” оилавий корхонаси ўртасида тузилган шартномага мувофиқ, айни кунда ҳудудда 116 нафар ўзгалар парваришига муҳтож, ногиронлиги бўлган фуқарога 10 нафар мутахассис ассистент ва 6 нафар ҳамшира томонидан ижтимоий, маиший ҳамда тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиб келинмоқда.
Шунингдек, эҳтиёжманд фуқароларни қўллаб-қувватлаш хизматлари кўламини кенгайтириш мақсадида кундузги қатнов асосида эҳтиёжманд фуқароларни парваришлаш ва ҳолидан хабар олиш хизмати ҳам жорий қилинган. Ҳозирда ўнга яқин фуқаро ушбу хизматдан фойдаланмоқда.
Хизмат доирасида фуқароларга ҳафтасига беш иш куни давомида, кунига саккиз соатгача парвариш кўрсатиш, улар билан мулоқот қилиш, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш кўникмаларини шакллантириш ҳамда тюторлик хизматлари тақдим этиш назарда тутилган. Уларни 10 километргача бўлган масофадан олиб келиш ва қайтариб олиб бориш учун транспорт хизмати ҳам йўлга қўйилган.
Марказ фаолияти очилганига бағишлаб ташкиллаштирилган тадбирда шу каби ижтимоий муҳофазага олинган аҳоли тоифаси учун унда яратилган шарт-шароит, яқин ойлардаги режа ва чора-тадбирларо хусусида фикр алмашилди. Олис туманда янги марказ фаолиятининг йўлга қўйилгани ҳар жиҳатдан ёрдамга муҳтож фуқаролар кундалик ҳаётини енгиллаштириш, уларнинг яқинларига далда бўлиш, оилаларга кўмак бериш йўлидаги хайрли қадамдир.
Тадбирда хайрия дастурхони ёзилиб, эзгу ниятлар билан дуога қўл очилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









