Қоракўл: “Яшил макон”—Дўстлик маҳалласи мисолида
2026-11-14 15:20:00 / Янгиликлар

Ушбу эзгу ташаббус доирасида туманнинг “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида кўчат ўтқазиш тадбири уюшқоқлик билан ташкиллаштирилди. Тадбирда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Шерзод Ашуров, туман ҳокими Хуршид Тохиров бошчилигидаги масъуллар, корхона ва ташкилотлар ишчи-ходимлари, жамоатчилик, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Таъкидлаш жоизки, жорий мавсумда Қоракўл туманида қарийб 2 миллион 200 минг туп дарахт ва бута кўчатларини ўтқазиш ҳаракати бормоқда. Бу эса туман ҳудудида яшил майдонни кенгайтириш, экологик мувозанатни мустаҳкамлаш, қуруқ, чанг ва иссиқ ҳаво таъсирини камайтириш, келажак авлод учун янада мусаффо, обод муҳит яратишда муҳим қадамдир.
Тадбир давомида ҳудуднинг иқлим ва тупроқ шароитига мос манзарали ҳамда мевали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, маҳалланинг “яшил қиёфаси”ни янада бойитиш, ободонлаштириш ва экологик муҳитни яхшилашга қаратилган ишлар амалга оширилди.
—Кўчат ўтқазиб боғ яратиш, табиатни асраб-авайлаш халқимизнинг минг йиллардан бери давом этиб келаётган қадриятидир. Аждодларимиз янги туғилган фарзандга атаб, унинг исми билан дарахт қадаб қўйган. Фарзанд ҳам, дарахт ҳам бирга камол топган. Биз ҳам шу хайрли анъанани давом эттириб, бугунги авлодга яшил табиат, соғлом ва обод муҳит қолдиришимиз ҳам қарз, ҳам фарздир,— дейди маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Шерзод Ашуров.
Аҳолининг кўнгилли хайрихоҳлиги, ҳашарга айланган ниҳол ўтқазиш тадбирида яшил ҳудудни кенгайтириш фақат кўчат экиш билан чекланиб қолмасдан, балки уларни парваришлаш, суғориш ва келгусида униб-ўсишини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада туман ҳокимлиги, ободонлаштириш бошқармаси, маҳалла маъмурияти зиммасига қатор вазифалар юкланди. Масъуллар ўтқазилган ҳар бир кўчатнинг тутиб, ўсиб кетиши ва сақланиши устидан тизимли назорат ўрнатадиган бўлишди.
—Бугун бўш ётган ерни обод қилиб, ёшларга боғ яратиш тажрибасини ўргатиб, уларда табиат билан вобаста яшаш кўникмасини шакллантираётганимиз қувонарли, албатта,—дейди шу маҳаллада яшовчи меҳнат фахрийси Бахтиёр Ражабов.—Кун келиб бугун парвариши бошланган ниҳоллар соясида қишлоқдошларимиз дам олиб, бизни дуо қилишади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
