Шофиркон: "Nurafshon chorva mahsulotlari" фермер хўжалигида ҳам янги имконият ва лойиҳалар...
2026-11-14 15:05:00 / Янгиликлар
Деҳқончилик ва чорвачиликни уйғун ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида пахта ва ғалла етиштириш баробарида қўшимча тармоқларни йўлга қўйиш, меҳнат жамоаси моддий манфаатдорлигини оширишда Шофиркон туманидаги қатор фермер хўжаликларида янги лойиҳалар, замонавий технологияларни жорий этиш ва яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, аграр тармоқда 20 йиллик тажрибага эга "Nurafshon chorva mahsulotlari" фермер хўжалиги ҳам айни пайтда 30 гектар ер майдонида деҳқончилик қилиб, мўл ҳосил етиштирмоқда. Жорий йилда хўжалик меҳнаткашлари 13 гектар ерда саноат учун қимматбаҳо хом ашё—пахта етиштирган бўлсалар, 10 гектарда етиштирилган ғалла ҳосилидан 65 тонна атрофида сара хирмон кўтариб, ўнга яқин оила моддий манфаатдорлигига ҳисса қўшдилар.
Ахтам Фармонов раҳбарлик қилаётган фермер хўжалиги кейинги йилларда чорва моллари парваришига алоҳида эътибор қаратиб, 7 гектар ерда маккажўхори, ўтбеда, тариқ, арпа каби озуқабоп экинларни етиштириб, сут ва гўшт йўналишида наслли қорамоллар бош сонини оширмоқда.
—Ўтган йилларда Чиғилбак қишлоғида 36-40 гектаргача ерда пахтадан 45 центнердан ошириб ҳосил кўтарган бўлсак, сўнгги йилларда хорижий навга мансуб, Хитой чигитидан экиб, юқори ҳосилдорликка эришмоқдамиз,—дейди фермер Ахтам Фармонов.—Дастлабки йиллардан хўжалигимизда сара буғдой етиштириб, бу борада гектарлар ҳосилдорлигини 80 центнерга етказган бўлсак, товуқ парваришига ҳам жиддий эътибор қаратиб, хонадонимиз даромад манбаини яратган бўлсак, эндиликда биз каби фермерларга яратиб берилаётган имкониятлар туфайли қорамол боқишни ривожлантиришга аҳд қилдик.
Шу кунларда хўжалик дала четидан 20 сотих ер майдони ажратилиб, унда талаб даражасидаги чорвачилик мажмуаси барпо этилмоқда. Айни пайтда фермер хўжалигида парваришланаётган чорва моли сони 40 бошдан ошган бўлса, яқин ойларда бу кўрсаткични 100 бошга етказиш ҳаракатига киришилган. Бунинг учун эса фермер “Халқ банки” туман филиали билан ҳамкорликда 1 миллиард сўм кредит маблағини расмийлаштириб олгани қўл келмоқда.
Зотдор қорамоллардан камида 40 бош сигир парваришлаб, сут етиштиришни кўпайтириш, истиқболда сутни қайта ишлаш цехини ташкил этиш, шунингдек, бўрдоқига мол боқиб, аҳоли дастурхони учун сархил гўшт етиштириш "Nurafshon chorva mahsulotlari"нинг яқин ойлардаги истиқболли лойиҳаларидир. Зеро, ҳар бир рўёбга чиқарилаётган лойиҳа ортида қўшимча иш ўринлари, иқтисодий ўсиш, меҳнат жамоаси турмуш фаровонлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдек эзгу мақсадлар мужассам.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




