Шофиркон: “Бобур” ва “Зарчабек” коллекторлари бўйида соҳилбўйи сайлгоҳлари барпо қилинмоқда
2026-11-13 21:35:00 / Янгиликлар
Шофиркон туманида “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” дастури асосида кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Мазкур дастур доирасида туманга 100 миллиард сўм маблағ ажратилиб, аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган муҳим лойиҳалар, жумладан, ўнга яқин маҳалладаги умумтаълим мактаби ва мактабгача таълим масканлари, шунингдек, қишлоқ оилавий шифокорлик пунктларини мукаммал таъмирлаш, қўшимча ўқув биноси ва спорт заллари қуриш ишлари давом эттирилмоқда.
Шу билан бирга, маҳаллий инфратузилмани яхшилаш мақсадида аҳоли талабидан келиб чиқиб 19 та маҳаллада 24 минг метр узунликдаги йўлни таъмирлаш, асфальтлаштириш, пиёдалар йўлакларини барпо этиш, тунги ёритиш тармоғини яратиш ишлари аллақачон бошланган.
Ҳозирда ҳудуддаги экин ерларини суғоришни яхшилаш мақсадида гидроиншоотлар қаторида қарийб 5 минг метр ариқ ўзани бетонлаштирилиб, марказий кўчаларни замонавий ёритиш тизими ўрнатилмоқда.
Айни кунда “Бобур” ва “Зарчабек” коллекторлари бўйида соҳилбўйи сайлгоҳларини ташкил этиш учун қарийб 8 миллиард сўм ажратилган. Шу кунларда коллектор ўзанининг 1,2 минг метр қисмида тозалаш ишлари олиб борилмоқда. Кейинги босқичда ҳудудга декоратив тошлар терилиб, замонавий ландшафт яратилмоқда.
Бу манзилда белгиланган лойиҳа доирасида 2,2 минг метр пиёдалар ва велосипед йўлакларини барпо этиш, 1 минг метр йўлни асфалтлаштириш, шунингдек, 56 та замонавий тунги ёритиш чироғини ўрнатиш ишлари бормоқда. Амалга оширилаётган қурилиш-монтаж ишларига махсус техника ва механизмларига эга ишчи-мутахассислар жалб қилинган бўлиб, белгиланган ишларни яқин ойда сифатли битириш кўзда тутилган. Улар кучи билан коллектор устидан ўтган кабел тармоқлари, газ ва ичимлик суви қувурларини тартибга келтириш ишлари давом эттирилмоқда.
Аҳамиятли жиҳати, соҳилбўйи сайлгоҳларида аҳоли бўш пайтларида оилавий ҳордиқ чиқаришлари учун қулай муҳит, “беседка”—ўриндиқлар, кичик фавворалар, рисоладагидек дам олиш масканлари ташкил этилаётгани айни муддао.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






