Бухорода экологик барқарорликни таъминлаш ва чўлланишга қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди
2026-11-12 18:40:00 / Янгиликлар

Унда Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Туйчиев, қўмита раиси ўринбосари Сайёра Абдикаримова, вилоят ҳокими, сенатор Ботир Зарипов, халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутатлари, вилоят ҳокимлиги масъуллари, соҳа мутасаддилари, ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Қўшма йиғилишга халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши раиси Жамол Ашуров раислик қилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2026 йил иккинчи ярим йиллигига мўлжалланган иш режасига мувофиқ, Бухоро вилоятида барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида ўрмонлаштириш, чўлланишга қарши курашиш, чанг-тўзонлар кўтарилишининг олдини олиш ҳамда экологик барқарорликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда экологик барқарорликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ўрмонзорлар ва яшил ҳудудлар майдонини кенгайтириш, ерлар деградациясига қарши курашиш ҳамда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш долзарб вазифалардан ҳисобланади.
Шу мақсадда Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ишчи гуруҳи томонидан жорий йилнинг 11–12 ноябрь кунлари Бухоро вилоятида мазкур йўналишларда амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. Ўрганиш давомида соҳада эришилган натижалар, мавжуд муаммо ва камчиликлар, шунингдек, уларни бартараф этиш имкониятлари таҳлил қилинди.
Қўшма йиғилишда ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган ўрганиш натижалари юзасидан ахборот берилди. Шунингдек, вилоят ҳокимининг тегишли соҳалар бўйича ўринбосари Ҳ.Давлатов, вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари С.Эргашев ҳамда Бухоро давлат ўрмон хўжалиги директори Р.Ҳожиевнинг ҳисоботлари тингланди.
Маърузалар ва муҳокамалар давомида ўрмонлаштириш ишларининг самарадорлигини ошириш, чўлланиш жараёнларининг олдини олиш, чанг-тўзонлар тарқалишини камайтириш, ҳудудларда яшил майдонларни кенгайтириш, шунингдек, белгиланган вазифалар ижросида масъул ташкилотлар фаолиятини янада кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Депутатлар томонидан соҳадаги мавжуд муаммолар, уларнинг ечимлари ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар юзасидан фикр-мулоҳаза ҳамда таклифлар билдирилди.
Йиғилишда халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Ҳ. Артикова ҳам кун тартибидаги масала юзасидан комиссия хулосасини баён қилди.
Муҳокамалар якунида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар инобатга олинган ҳолда тегишли қарор қабул қилинди.
Қабул қилинган қарор ижроси халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши томонидан белгиланган тартибда назоратга олинади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









