Ботир Зарипов тадбиркор ёшлар билан учрашди
2026-11-12 17:50:00 / Янгиликлар

Шу мақсадда вилоят ҳокими Ботир Зарипов ёш тадбиркорлар ҳамда ўз бизнес лойиҳаларини амалга ошириш истагида бўлган ташаббускор йигит-қизлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Учрашувда вилоятнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган ёш тадбиркорлар ўз бизнес тажрибалари, истиқболдаги режалари, янги лойиҳалари ва фаолият жараёнида дуч келаётган муаммолари ҳақида сўз юритдилар. Ёшларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланиб, уларни амалга ошириш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида янги лойиҳаларни йўлга қўйиш, мавжуд корхоналар фаолиятини кенгайтириш, маҳсулотлар турини кўпайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
Айниқса, ўз бизнесини бошлаш истагида бўлган ёшларга амалий кўмак бериш, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш, имтиёзли кредит ва субсидиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, ер ва бино-иншоотлар ажратиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Вилоят ҳокими ёш тадбиркорларнинг ҳар бир мурожаати ва таклифини диққат билан тинглаб, кўтарилган масалаларни тегишли мутасаддилар иштирокида ўрганиш зарурлигини таъкидлади. Бунда тадбиркорнинг фаолиятини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларнинг қонуний ечимини топиш муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, ёшларнинг янги бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорлик кўникмаларига ўргатиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ёшлар тадбиркорлигининг ривожланиши нафақат уларнинг шахсий даромадлари ортиши, балки ҳудуд иқтисодиётининг юксалиши, аҳоли бандлигининг таъминланиши ва камбағалликни қисқартиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ҳар бир истиқболли ташаббусни қўллаб-қувватлаш, унинг ҳаётга татбиқ этилиши учун зарур шароитларни яратиш долзарб вазифалардан ҳисобланади.
Учрашув якунида билдирилган таклиф ва мурожаатлар бўйича тегишли масъулларга вазифалар белгилаб берилди. Кўтарилган масалаларни ҳал этиш, ёш тадбиркорларнинг лойиҳаларини амалга оширишда амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда белгиланган вазифалар ижросини назоратга олиш юзасидан келишиб олинди.
Бундай очиқ мулоқотлар ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, уларнинг ташаббусларига кенг йўл очиш ва вилоят иқтисодиётида ёш ишбилармонлар улушини оширишга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









