Бухоро тумани: “Файзуллообод” фермер хўжалигида 700 минг туп тут кўчати етиштирилди
2026-11-11 21:35:00 / Янгиликлар

Бухоро туманидаги “Истиқбол” маҳалла фуқаролар йиғини, Юқори Кобдун қишлоғидаги “Файзуллообод” фермер хўжалигида бўлган киши бу ерда кўчат етиштириш ва парваришлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, ҳудуд кўркам ва кўкаламзор масканга айланаётганига ишонч ҳосил қилади.
Фермер хўжалиги раҳбари Эркин Остонов бошчилигида айни кунда 3 гектар майдонда жами 700 минг тупдан иборат, икки йиллик тут кўчати етиштирилмоқда. Мазкур кўчатлар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсуми доирасида вилоятимизнинг турли ҳудудларига етказиб берилмоқда.
Бу хўжаликда кўчатларни агротехник талабларга мос етиштириш ва парваришлаш жараёни, мавжуд имкониятлар, яқин ойларда амалга оширилаётган ишлар эътиборга лойиқ. Шунингдек, кўчатларни сифатли етиштириш, ўз муддатида манзилига етказиб бериш ва экилгандан сўнг рисоладагидек парваришлаш ишларини тўғри ташкил этиш долзарб аҳамиятга эга, албатта.
“Файзуллообод” фермер хўжалигида ккўп йиллик тажрибага мувофиқ, кўчат етиштириш ва парваришлаш ишларига 20 нафардан ортиқ ишчи жалб этилгани ҳам айни кунда маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқаролар учун даромад манбаини яратиш, қишлоқ хўжалигидаги имкониятлардан самарали фойдаланишга хизмат қилмоқда.
Бунда етиштирилаётган тут кўчатига келсак, бу ниҳол нафақат экологик, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Тут дарахти барглари ипак қурти учун асосий озуқа манбаи ҳисобланади. Шу боис, ҳудудда тутзор майдони кенгайиши келгусида ипакчилик тармоғини ривожлантириш, пиллачилик соҳаси хом ашё базасини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бухоро туманида жорий мавсумда масъулияти чекланган жамияти “Romstar” корхонаси томонидан 2900 нафардан ортиқ касаначи меҳнати билан инкубаторияда “жонлантирилган” 4317 қути ипак қуртидан касаначи ва оилавий звенолар воситасида 275 тоннадан ошириб “кумуш тола” хирмони бунёд қилингани замирида ҳам аввало, озуқа манбаи сифатида тутзорлар талаб даражасида тайёрлангани муҳим аҳамиятга эга, албатта.
Бу борада илғор хўжаликлардан бири сифатида “Файзуллообод” фермер хўжалиги фаолиятига келсак, у кўчат етиштириш орқали экологик муҳитни яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳудуд иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшишнинг амалий намунасидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





