Шофиркон: “Аслонбобо” ҳам кўп тармоқли фермер хўжалигига айланди
2026-11-11 13:20:00 / Янгиликлар

Айни кунда пешқадамлардан саналган хўжаликнинг умумий ер майдони 80 гектарни ташкил этиб, самарали фойдаланиш мақсадида ер бир нечта йўналишга ихтисослаштирилган. Жумладан, 30 гектар майдонда буғдой етиштирилиб, жорий йилда ҳар гектардан 9 тонна атрофида, яъни 90 центнерга етказиб ҳосил олишга эришилди. Худди шундай, 20 гектар майдонда сара навли пахта хом ашёси етиштирилиб, бу борада ҳам гектарлар ҳосилдорлиги 75 центнерга етказилгани меҳнат жамоаси моддий манфаатдорлигини оширмоқда.
“Аслонбобо” фермер хўжалигида 20 гектар ер майдони чорвачилик йўналишига ажратилган бўлиб, бунда маккажўхори, ўтбеда, тариқ ва бошқа озуқабоп экинлар учун алоҳида ер ажратилган. Шу билан бирга, жами 10 гектардан иборат контурларда шафтолизор, узумзор токзор ва бошқа мевали боғ барпо қилингани бир нечта оила бандлигини таъминлаб, улар даромадли бўлишларида муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Бугунга келиб фермер хўжалигида 16 нафар ишчи фаолиятини олиб бораётган бўлса, улар меҳнатини енгиллаштириш, қишлоқ хўжалиги агротехник тадбирларини талаб даражасида олиб бориш учун 2 та юқори унумдор техника воситаси, яна ҳайдов, ташув ва ёрдамчи тракторлар шай қилинган.
Фермер хўжалигида чорвачиликни ривожлантириш, наслли қорамолларни кўпайтириш ҳамда мавжуд имкониятларни кенгайтириш мақсадида янги лойиҳага қўл урилди. Ўтган ойда молхона қуриш учун 20 сотих ер майдони ажратилиб, хўжаликда жами 120 бош қорамол парвариши учун енгил конструкцияли павильон барпо этишга киришилган. Эндиликда бу субъектда чорва молларини янада кўпайтириш, наслдорликни яхшилаш ва чорва маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш мақсад қилинган.
Фермер Аваз Аслонов яқин ойлардаги ишлар хусусида тўхталар экан, пахта ва ғалла етишгтириш баробарида чорва маҳсулдорлигини ошириш, гўшт ва сутни қайта ишлаш имкониятларини ҳисоб-китоб қилаётганини билдирди.
Жумладан, сутни қайта ишлаш цехини очиш, бу лойиҳа орқали хўжалигида етиштирилган сутни қайта ишлаб, қатиқ, сузма, сариёғ каби маҳсулотларни тайёрлашни йўлга қўйиш, қўшимча иш ўрни яратиш орқали иқтисодий салоҳиятини оширишни кўзламоқда. Бунга сабаб айни пайтда фермернинг тижорат банки имтиёзли кредит маблағи ҳисобидан хориждан 100 бош наслли қорамол олиб келиш ҳаракатига тушганидир. Хом ашё барқарор бўлса, цех иши ҳам ривожлантирилади.
Иқтисодий даромадига келсак, “Аслонбобо” фермер хўжалигида тармоқлардаги йиллик фаолиятдан 1 миллиард сўмдан ортиқ моддий манфаатдорликка эришилмоқда. Бу кўрсаткич хўжаликда деҳқончилик, боғдорчилик ва чорвачилик йўналишлари уйғун ривожлантирилаётгани самараси, албатта. Зеро, Аваз Аслонов сингари тажрибали фермерлар ташаббускорлиги, ерга бўлган муносабати, янгиликка интилиши қишлоқ хўжалигида юқори самарадорликка эришишнинг муҳим омилидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати



