Бухоро вилояти ҳокимлигида ижро интизомини мустаҳкамлаш, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини самарали ташкил этиш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот
2026-11-09 09:10:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги «Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони, 2021 йил 31 майдаги «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳамда 2025 йил 25 июлдаги «Давлат органлари ва ташкилотларда ижро интизомини янада мустаҳкамлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилояти ҳокимлигида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, топшириқлари ҳамда йиғилиш баёнларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши қатъий назоратга олинган.
Ҳар ҳафтанинг душанба кунлари вилоят ҳокими раҳбарлигида, чоршанба ва жума кунлари эса вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари раислигида ижро интизомининг ҳолати танқидий муҳокама қилиб борилмоқда. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Президент Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижроси кунлик ва соатбай назоратга олинган.
«Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимига киритилган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар тегишли ваколатли органлар томонидан экспертизадан ўтказилгандан сўнг назоратдан ечилиши белгиланганлигини инобатга олиб, вилоят ҳокимлиги аппаратида топшириқларни белгиланган муддатларда ва сифатли бажариш мақсадида олдиндан огоҳлантириш тизими йўлга қўйилган.
Хусусан, ҳар ҳафта икки маротаба келгуси ой якунига қадар ижро муддати етиб келадиган топшириқлар рўйхати шакллантирилиб, эслатма сифатида ҳоким ўринбосарлари, маслаҳатчилари, таркибий бўлинмалар раҳбарлари ҳамда туман ва шаҳар ҳокимликларига етказиб борилмоқда.
Шунингдек, ҳокимлик аппаратида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси юзасидан маълумотларни ижро муддати тугашини кутмасдан электрон тизимга олдиндан киритиб бориш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги аппарати масъул ходимлари томонидан ҳар ойда битта туман ёки шаҳар ҳокимлигида, шунингдек, вилоят бошқармалари, корхона ва ташкилотларида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси ҳолати мақсадли ўрганиб борилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг февраль ойида Жондор тумани ҳокимлигида, март ойида Бухоро автомобиль йўллари ҳудудий бошқармасида, апрель ойида Қоракўл тумани ҳокимлигида, май ойида вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасида, июнь ойида Пешку тумани ҳокимлигида, август ойида Шофиркон тумани ҳокимлигида, сентябрь ойида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вилоят бошқармасида ҳамда октябрь ойида Когон тумани ҳокимлигида ўрганишлар ўтказилди.
Ўрганишлар давомида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини ташкил этишдаги мавжуд ҳолат таҳлил қилиниб, масъулларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатилди.
2026 йилнинг январь–октябрь ойлари давомида вилоят ҳокимлиги аппаратида ижро интизомининг ҳолати 71 маротаба муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокимлиги бошқарув аппаратида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ҳар бир топшириққа қатъий ёндашиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумат топшириқларини ўз вақтида, самарали ҳамда тўлиқ бажаришда вилоят ҳокими ўринбосарлари, вилоятдаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, туман ва шаҳар ҳокимларининг роли ҳамда шахсий масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу билан бирга, топшириқлар ижросида сусткашликка йўл қўйган масъул раҳбарларга нисбатан белгиланган тартибда интизомий чоралар кўриб борилмоқда.
«Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими орқали 2026 йилнинг январь–октябрь ойлари давомида вилоятга тааллуқли жами 4 055 та топшириқ келиб тушган бўлиб, уларнинг 2 494 тасида вилоят ҳокимлиги асосий ижрочи, 1 561 тасида эса ҳамижрочи этиб белгиланган.
Мазкур топшириқларнинг 4 035 таси (99,5 фоизи) бўйича ижро таъминланиб, назоратдан ечилган. Қолган 20 та топшириқда вилоят ҳокимлиги ҳамижрочи сифатида белгиланган бўлиб, айни пайтда уларнинг ижросини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимининг Президент Администрацияси модули орқали вилоят ҳокимлигига тааллуқли 503 та ҳамда Вазирлар Маҳкамаси топшириқлари модули орқали 1 352 та топшириқ келиб тушган бўлиб, уларнинг барчаси бўйича ижро таъминланган.
Жорий йилнинг ноябрь ойида белгиланган топшириқлар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида кунлик календарь график ишлаб чиқилди. Шунингдек, ҳар бир ҳоким ўринбосари кесимида «Йўл хариталари» ишлаб чиқилиб, тасдиқланди ва ижрога қаратилди.
Ноябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 207 та топшириғидан 30 тасининг ижроси белгиланган муддатидан олдин таъминланди. Қолган топшириқларнинг ижросини белгиланган муддатларда ва сифатли таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Умуман олганда, вилоятда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Президент Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш, ижро интизомини мустаҳкамлаш, масъул раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш ҳамда назорат тизимини янада такомиллаштириш борасида тизимли ишлар давом эттирилмоқда.
Умид Қўшшаев,
Вилоят ҳокимлиги бошқарув аппарати Ижро интизоми назорати бўлими бошлиғи
