Бухорода тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни кенг нишонланди
2026-11-07 15:10:00 / Янгиликлар

Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни муносабат билан бугун Бухоро шаҳридаги “Зарафшон Ҳалл” тантаналар саройида шарафли касб эгаларини қутлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирга вилоятимиздаги даволаш-профилактика муассасалари раҳбар-ходимлари, тиббиётчи олимлар ва мутахассислар таклиф этилди.
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов тадбир иштирокчилари ва вилоятимизнинг барча тиббиёт ходимларини касб байрами билан табриклади.
Эътироф этилганидек, Президентимиз ташаббуси билан сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасида мисли кўрилмаган ўзгаришлар амалга ошириб келинмоқда. Юртимизда соғлиқни сақлаш тизимини изчил ислоҳ қилиш орқали инсон манфаатларини таъминлаш, фуқароларимиз саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, вилоятимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга кўтариш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йил вилоятда 80 та тиббиёт муассасасининг қурилиш-таъмирлаш сарф-харажатларига 305 миллиард сўм маблағ ажратилди. Туманлардаги ўттиздан ортиқ ортиқ муассаса замонавий талаблар асосида янгидан жиҳозланди.
Вилоятда тиббиёт инфратузилмасини ривожлантириш билан бир қаторда, 41 мингдан ортиқ соҳа ходимларининг меҳнат шароитини яхшилаш, уларнинг касбий ўсишини қўллаб-қувватлаш ва жамиятдаги обрў-эътиборини янада ошириш айни кундаги долзарб вазифа. Зеро, шарафли касб эгалари бўлмиш шифокорлар учун энг катта мукофот – беморнинг соғайиб, ўз оиласи бағрига қайтишидир. Самимий миннатдорлик эса соғайган инсоннинг кўзидаги қувонч ва унинг яқинлари дуосидир. Бу бахт ҳамма касб эгаларига ҳам насиб этавермайди.
Бухоро тиббиёти ҳақида сўз юритганда, нафақат бугунги ютуқларимиз, балки асрлар давомида шаклланган буюк илмий анъаналаримиз ҳам ғурур билан тилга олинади. Бинобарин Бухоро – буюк алломалар, илму маърифат ва тиббиёт анъаналари билан дунёга танилган муқаддас замин. Буюк бобомиз Абу Али ибн Сино айнан шу заминда таваллуд топиб, ўзининг беқиёс илмий мероси билан жаҳон тиббиёти тараққиётига улкан ҳисса қўшган.
Тантанали тадбирда қишлоқ ва маҳаллаларда аҳолига хизмат кўрсатаётган оилавий шифокорлар, тез тиббий ёрдам ходимлари, жарроҳлар, педиатрлар, ҳамширалар, фармацевтлар ва тиббиёт тизимида меҳнат қилаётган барча мутахассис ва тор соҳа вакилларига самимий миннатдорлик билдирилди.
“Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни” муносабати билан соғлиқни сақлаш тизимида кўп йиллардан буён самарали фаолият юритиб, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, соҳани ривожлантириш ҳамда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ижросини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган, ўзининг фидойилиги, касбий маҳорати, ташаббускорлиги ва юксак инсоний фазилатлари билан ҳамкасбларига намуна бўлаётган бир гуруҳ тиббиёт ва фармацевтика ходимлари “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони, вилоят ҳокимининг Ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Касб байрамини нишонлаётган тиббиёт ходимлари учун байрам дастурхони ёзилиб, унда вилоят хушовоз хонандалари, эстрада қўшиқчилари чиқишлари, дилтортар куй-қўшиқлар даврага файз бағишлади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
