Бухоро шаҳри: Ҳавзинавда Маржона Умарова сингари чеварлар сафи кенгаймоқда
2026-11-07 09:40:00 / Янгиликлар
Вилоят марказидаги “Ҳавзинав” маҳалла фуқаролар йиғинида бугунга келиб 801 та хонадон, 1 465 та оила ва уларда жами 4 минг 200 нафарга яқин аҳоли вакили умргузаронлик қилмоқда.

Ҳудудда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йил бошидан "Оилавий тадбиркорлик", "Бизнесга биринчи қадам", "Маҳалла лойиҳаси" дастурлари доирасида тижорат банкларидан зарур маблағ ажратиб борилаётгани қатор хайрли ишларга асос бўлмоқда.
Таҳлиллардан кўринишича, маҳаллада бизнес лойиҳалари, ишбилармонлик ташаббусларини рўёбга чиқариш учун жорий йил биринчи ярмида 915 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли молиявий ресурс сарфланган бўлса, йил якунига қадар яна шунча сармоя тадбиркорлик ташаббуслари амалиётига сарфланмоқда. "Маҳаллабай" ишлаш тизими асосида ҳудудда аҳоли, айниқса. хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, улар даромад манбаларини кенгайтиришга қаратилган амалий ишлар маҳаллада изчил давом эттирилмоқда.
Маҳаллада хотин-қизларни тадбиркорлик, касаначилик ва ҳунармандчиликка кенг жалб этиш борасида самарали ишлар амалга оширилаётгани, маҳалладаги ижтимоий муҳит янада яхшиланаётганини ташаббускор ва ҳунарманд аёллардан бири Маржона Умарованинг фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Чармгарон кўчаси, 36/1-уйда истиқомат қилувчи Маржона Умарова кўп йилдирки, чеварликни ўзлаштириб, турли чойшаб ва кийим-кечак тикиб, маҳалладошларининг ҳурмат ва эътиборини қозониб келаётганди. Тиниб-тинчимас, изланувчан ва тадбиркорликка иштиёқи баланд тикувчи аёл ўз фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчиси тавсияномаси асосида 17 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағини олиб, ишини кенгайтирди.
Эндиликда у кўрпа, кўрпача ва ёстиқлар, шунингдек, мато бўлаклари, қирқимлар ва қуроқлардан турли хил ёстиқ ҳамда тўшамалар тайёрлаб, буюртмачиларга сифатли маҳсулотлар етказиб бермоқда. Бежирим тикиб тайёрланаётган қўл меҳнати маҳсулотлари ўз харидорини топиб, чеварга буюртмалар сони ҳам ортиб бормоқда.
Қувонарлиси, биргина имтиёзли кредит сармояси ва аёлнинг интилиши орқали бир хонадон аҳли учун имкониятлар эшиги очилди. Бу эса ҳунар орқали даромад топиш, оила турмуш фаровонлигини ошириш, ўз меҳнати билан жамиятда муносиб ўрин эгаллаш мумкинлиги намунасидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




