Ҳаёт йўли — меҳнат ва садоқат тимсоли: Амрилло Назаров - 60 ёшда!
2026-11-07 09:10:00 / Янгиликлар

Ана шундай ҳаёт мезонини ҳалол меҳнат, масъулият ва садоқат деб билган, бутун умрини қишлоқ хўжалиги соҳаси тараққиётига бағишлаган инсонлардан бири — тажрибали раҳбар, қишлоқ хўжалиги соҳасининг билимдони Назаров Амрилло Ибрагимовичдир.
Инсон умрининг ҳар бир фасли ўзига хос мазмун ва қадриятга эга. Олтмиш ёш эса ортга назар ташлаб, босиб ўтилган йўлни сарҳисоб қилиш, ҳаёт сабоқлари ва меҳнат самараларини қадрлаш палласидир. Амрилло Назаров ҳам бугун умрининг ана шундай файзли манзилига етиб келар экан, унинг ортида йиллар давомидаги изланишлар, машаққатли меҳнат, масъулиятли вазифалар ва ҳаётий тажриба мужассам.
1966 йил 7 ноябрда Ромитан туманида туғилган Амрилло Назаровнинг меҳнат фаолияти қишлоқ хўжалиги соҳаси билан чамбарчас боғлиқ. Ушбу соҳага бўлган қизиқиш ва интилиш уни Андижон пахтачилик институтига етаклади. 1991 йилда мазкур олийгоҳни тамомлаб, олим-агроном мутахассислигига эга бўлган ёш мутахассис ўз меҳнат фаолиятини она юрти — Ромитан туманида бошлади.
Дастлаб шахсий ёрдамчи хўжаликлар эгалари уюшмасида ташкилотчи, кейинчалик давлат ва жамоа хўжаликларида агроном сифатида фаолият юритди. Бу йиллар унинг касбий шаклланиши, ерга меҳр, деҳқон меҳнатининг қадри ва қишлоқ хўжалиги машаққатларини чуқур англаш даври бўлди.
Кейинги фаолияти давомида турли масъул лавозимларда ишлаб, аграр соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшди. Бухоро вилояти ҳокимлиги тизимидаги хизматлари, туман ва вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаларидаги раҳбарлик фаолияти, ғўза уруғчилиги тизимидаги меҳнати унинг соҳадаги билим ва тажрибасини янада бойитди.
Айниқса, пахтачилик, уруғчилик, деҳқончилик ва сув хўжалиги йўналишларида орттирган кўп йиллик тажрибаси унинг фаолиятида муҳим ўрин тутади. Зеро, қишлоқ хўжалиги шундай соҳаки, унда натижага эришиш учун нафақат билим ва малака, балки сабр-тоқат, изланиш, табиат инжиқликларини англаш ва ҳар бир ишга катта масъулият билан ёндашиш талаб этилади.
Амрилло Назаровнинг раҳбарлик фаолиятидаги яна бир муҳим босқич 2017–2020 йилларда Пешку тумани ҳокими сифатида ишлаган даври билан боғлиқ. Бу масъулиятли вазифа ундан кенг дунёқараш, ташаббускорлик, одамлар билан ишлаш маҳорати ва мураккаб масалаларга ечим топиш қобилиятини талаб этарди.
2020 йил 2 декабрдан Бухоро вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган Амрилло Назаров давлат бошқаруви тизимида ҳам ўзининг кўп йиллик амалий тажрибаси ва соҳавий билимларига таянган ҳолда меҳнат қилмоқда.
Унинг фаолияти фақат хизмат вазифаларини бажариш билан чекланиб қолмаган. Халқ депутатлари Бухоро вилояти ва Пешку тумани Кенгашлари депутати сифатидаги фаолияти ҳам халқ манфаатлари, ҳудудлар тараққиёти ва аҳоли турмуш фаровонлиги билан боғлиқ масалаларга дахлдорлик ҳисси билан йўғрилган.
Кўп йиллик самарали меҳнати ва давлат олдидаги хизматлари муносиб эътироф этилиб, 2019 йилда «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирлангани ҳам унинг меҳнат фаолиятига берилган юксак баҳодир.
Албатта, инсоннинг ҳаётда эришган ютуқлари, эгаллаган лавозимлари ёки олган мукофотларидан ҳам муҳимроқ мезонлар бор. Бу — одамлар орасидаги ҳурмати, касбдошлари эътирофи, орттирган ҳаётий тажрибаси ва эзгу ишлари билан қолдирган изидир. Зеро, йиллар ўтиши билан лавозимлар ўзгаради, даврлар алмашади, аммо ҳалол меҳнат ва садоқат билан қозонилган ҳурмат қадрсизланмайди.
Қутлуғ сана муносабати билан вилоят ҳокими Ботир Зарипов юбилярни самимий муборакбод этиб, эзгу тилакларини билдирди.
Эътироф этилганидек, олтмиш ёш — бу якуний манзил эмас, балки ҳаётий тажриба, донолик ва босиб ўтилган йўлнинг қадрини янада теранроқ англаш давридир.
Шу қутлуғ айёмда Амрилло Назаровга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр, оилавий хотиржамлик, яқинлари меҳри ва ҳаётнинг барча қувончларидан баҳраманд бўлиб юришини тилаймиз. Босиб ўтган шарафли меҳнат йўлингиз, орттирган тажрибангиз ва эзгу ишларингиз доимо қадр топсин!
60 ёшингиз муборак бўлсин, Амрилло ака!

