"Жонгелди"да одамлар дардига малҳам бўлаётган шифокор
2026-11-05 09:30:00 / Янгиликлар

Бу ҳудудларда яшовчи аҳолининг дарду ташвишларига қулоқ тутиш, зарур муҳандислик-коммуникация тармоқлари — йўл, ичимлик суви ва электр энергияси таъминотини яхшилаш, бандликни таъминлаш баробарида тиббий хизмат сифатини ошириш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, олис овулларда маҳаллий аҳоли орасидан етишиб чиққан малакали шифокорларнинг фаолият юритаётгани қувонарлидир.
Пешку туманидаги «Жонгелди» қишлоқ участка касалхонаси оилавий шифокори Гулинур Айимбетова учун ҳам врачлик касби — инсон ҳаёти ва саломатлиги учун масъулиятни ҳис этиш, одамларга меҳр-мурувват кўрсатиш демакдир. У 2015 йилдан буён бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимида фаолият юритиб, қишлоқ аҳолиси саломатлигини асраш, касалликларни эрта аниқлаш ва беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатишдек масъулиятли вазифани сидқидилдан бажариб келмоқда.
Унинг фаолияти фақат беморларни даволаш билан чекланмайди. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, хотин-қизлар саломатлигини муҳофаза этиш, турли касалликларнинг олдини олиш борасида ҳам изчил иш олиб боради. Жумладан, яқинда Жонгелди аҳолиси учун ташкил этилган тиббий-профилактик тадбирлар доирасида 65 нафар аёл маммография, 35 нафари эса кольпоскопия текширувидан ўтказилди. Саломатлигида муаммо аниқланган аёлларга зарур тиббий муолажалар тайинланди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Пешку тумани марказидан 180 километр узоқликда жойлашган «Жонгелди» маҳалла фуқаролар йиғини маъмурий жиҳатдан Сафрон, Қалъаота ва Жонгелди қишлоқларини қамраб олади. Кенг яйловлари билан ажралиб турадиган ушбу ҳудудда асосан қозоқ миллатига мансуб 773 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллий аҳоли, асосан, чорвачилик, йилқичилик ва тадбиркорлик билан шуғулланади.
Олис овул аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш тизимидаги янгиланишлар ҳам эътиборга молик. Жумладан, ўтган йилларда «Обод қишлоқ» давлат дастури доирасида овул поликликасини қуриш ва жиҳозлаш учун бюджет маблағлари ҳисобидан 3,8 миллиард сўм ажратилган. Натижада замонавий талаблар асосида барпо этилган тиббиёт муассасасининг муҳандислик-коммуникация тармоқлари, муқобил иситиш қозонхонаси, электр энергияси ва тоза сув таъминоти йўлга қўйилган.
— Пунктимиз қайта қуриб берилгани биз учун катта воқеа бўлди, — дейди Гулинур Айимбетова. — Илгари саломатлигидан шикоят қилиб келган беморларни ҳатто оддий лаборатория текширувларидан ўтказиш учун ҳам туман марказига юборишга тўғри келарди. Энди эса замонавий ва шинам поликлиникамизда барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Бу эса овулдошларимизга шу ернинг ўзида сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконини бермоқда. Муассасамиз электрокардиограмма ва ультратовуш текшируви аппаратлари билан жиҳозланган. Умумий амалиёт шифокорлари билан бир қаторда терапевт ва педиатр каби мутахассислар фаолият юритмоқда. Шунингдек, 30 ўринли кундузги стационар ва болалар бўлими ҳам мавжуд.
Олис қишлоқда шифокор бўлиш ҳар доим ҳам осон эмас. Бу касб эгасидан чуқур билим ва тажриба билан бирга сабр-тоқат, матонат ҳамда юксак масъулият талаб этади. Гулинур Айимбетова ана шу фазилатларни ўзида мужассам этган ҳолда, беморларга нафақат малакали тиббий ёрдам, балки самимий муносабат ва руҳий далда ҳам бериб келмоқда.
Зеро, баъзан бир оғиз ширин сўз, ўз вақтида кўрсатилган эътибор ва меҳр инсонга куч бағишлайди. Гулинур Айимбетова эса буни яхши англаган ҳолда, ўз касбига садоқат билан хизмат қилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









