Вобкент: кўп хонадонли уйлар куз-қиш мавсумига тайёрланмоқда
2026-11-02 20:55:00 / Янгиликлар

Бугунга келиб Вобкент туманида жами қирқтага яқин кўп қаватли турар жой бўлиб, уларда 500 тадан ошиқ хонадон, 3 минг нафарга яқин аҳоли вакили, аксарияти ёш оилалар истиқомат қилмоқда. “Қишлоққурилишинвест” МЧЖ буюртмасига мувофиқ, "Дўстлик" маҳалласи Аҳмад Дониш кўчасида умумий 90 та ёш оилага мўлжаллаб қурилган, ҳар бири 5 қаватдан иборат бўлган тўртта замонавий турар жой биноси ҳам айни кунда гавжум кўриниш олган.
Замонавий андозада қурилган ва ҳар бирида 30 та хонадонли, икки ва уч хонали хонадонлардан иборат кўп қаватли турар жойлар “Қишлоққурилишбанки” вилоят филиалининг ипотека кредит маблағи асосида 20 йил муддатга имтиёзли тартибда, ҳатто субсидия ажратиш орқали ҳам бошпанага муҳтож ёш оилаларга расмийлаштириб берилган бу турар жойлар сўнгги русумдаги муқобил иситиш миниқозонига эга бўлиб, хонадонлар эҳтиёжига мос қўлланилади. Эндиликда туман марказида кўп қаватли уйлар сони яна кўпаймоқда.
Айни кунда туман ҳокимлигининг қурилиш бўлими ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда “Чармгарон” МФЙдаги Бобур кўчасининг 89, 91, 93, 94, 95-сонли уйларида, Тадбиркор кўчасидаги 51-сонли уйда, шунингдек, Дўстлик МФЙда Аҳмад Дониш кўчасининг 48-сонли уйи ва Тўқимачи кўчасидаги 40-сонли турар жойда қатор таъмирлаш-жиҳозлаш ишлари якунига етказилмоқда.
Аниқроқ айтганда, кўп қаватли уйлар атрофида жами 1 410 квадрат метр кириш йўлаги бетонлаштирилган бўлса, 5 та автотураргоҳ жойи белгиланиб, тартибга келтирилган. Ҳудуда 3 та болалар майдончаси таъмирлангани ҳолда кўп қаватли уйларнинг 12 та кириш йўлаги—даҳлизи (подъезди) таъмирланган, ҳозирда бу турар жойларнинг электр тақсимлаш шитларини талаб даражасида сақлаш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, туман ишчи гуруҳи томонидан кўп хонадонли уйларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, қозонхона ва улардаги дудбуронлари шайлигига эътибор қаратилмоқда. Бу ишлар кўп хонадонли уйлар инфратузилмасини яхшилаш, умумий фойдаланишда бўлган ҳудудни ободонлаштириш ва аҳоли учун қулай яшаш муҳитини яратишга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати



