Олот: йўл таъмирида "Равон йўл қурилиш" МЧЖ нинг ҳам ҳиссаси бор
2024-10-11 14:15:00 / Янгиликлар

Олот тумани “Дилкор” маҳалласи аҳолиси ҳам ана шундай хайрли иш бошида бўлишгани узоқ йиллик ташвишларни енгиллаштирди. Аниқроғи, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида маҳалланинг 2 километрдан ортиқ ички йўллари асфальтлаштирилгани дилкорликларни мамнун қилди. Жумладан, кўча ва қишлоқ ички йўлларини манзилли таъмирлаш, шағаллаштириш ва асфальт ётқизиш ишлари йил бўйи барқарор суръатда олиб борилмоқда.
Юк машиналари ёрдамида ташиб келинаётган шағал туманнинг “Дилкор”, “Буржоқ”, “Жайхунобод” каби маҳалла фуқаролар йиғинлари ички йўлларига ётқизилиб, айни пайтда 3 километр атрофидаги йўл таъмирлаш ишлари якунланган. Бунгача эса “Маърифат” маҳалласида 1 километр, “Бунёдкор” ҳамда “Халқобод” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳар бирида ҳам 500 метрдан ортиқ узунликдаги ички йўлга шағал ётқизилиб, йўловчиларга қулайлик яратилганидан аҳоли миннатдор.
Шу кунларда "Равон йўл қурилиш" МЧЖ қурувчи корхонаси томонидан туман марказидан ўтувчи 4Р 78 "Олот ш. — Ҳамза I-II насос станцияларига" автомобиль йўлининг 01-1,3 километр оралиғида 10 дан ортиқ махсус техника ва 20 нафардан ортиқ ишчи-мутахассис томонидан асфальтлаштириш ишлари амалга оширилиб, кўчалар обод қилинмоқда.
Бир сўз билан айтганда, аввалги ўнқир-чўнқир, қишда лой, ёзда чанги осмонга кўтарилиб, яроқсиз ҳолдаги бу кўчалар эндиликда текис ва равон кўринишга келиб, одамлар кайфиятини кўтармоқда. Бу саъй-ҳаракат замирида эса аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, уларни рози қилиш, яшаш шароитларини янада яхшилаш каби долзарб жиҳатлар ётибди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




