Олот: "Жайхунобод" маҳалласида меҳнати билан танилган онахон бор
2026-10-31 21:00:00 / Янгиликлар

Умуровлар хонадонида 20 сотих ер майдонида иссиқхона ташкил этилган бўлиб, айни пайтда унинг 10 сотих қисмида булғор қалампири, аччиқ қалампир етиштириш билан бирга 20 тупдан ортиқ лимон бутаси парваришланмоқда. Август ойининг ўрталарида экилган 2 минг 500 туп булғор қалампири кўчати бугунга келиб ҳосилга кирган. Ҳар бир туп кўчатдан ўртача 2 килограммдан ортиқ маҳсулот олиш кўзда тутилган. Натижада кеч кузги мавсумда 5 тоннадан зиёд ҳосил етиштириш мақсад қилинган.
Етиштирилган маҳсулотлар харидоргир бўлиб, ҳатто Тошкент шаҳрига жўнатилмоқда. Бир килограмм маҳсулотнинг сотув нархи ўртача 15 минг сўмни ташкил этмоқда. Бу эса оила учун муносиб даромад манбаи бўлиш билан бирга, тўрт нафар фарзанд — Муҳаммад, Отажон, Норқул ва Мансурнинг доимий меҳнат билан бандлигини таъминламоқда.
— Сўнгги пайтларда камбағаллик, муҳтожлик ҳақида кўп гапирилмоқда. Мен 75 ёшга кирган бўлсамда, ҳамон меҳнат қилишдан тўхтаганим йўқ. Имконият бор жойда ҳаракат ҳам бўлиши керак,—дейди Анвара момо Умурова.—Вақтни бесамар ўтказмасдан, меҳнат қилган инсон албатта рўзғорига барака киритади. Бугун тўрт нафар ўғлим оиласи билан шу иссиқхонада меҳнат қилиб, рўзғор тебратмоқда. Мен ҳам уларга бош-қош бўлиб, деҳқончиликдаги тажрибамни ўргатиб келмоқдаман.
Дарҳақиқат, бу хонадонда меҳнат ва тажриба авлоддан авлодга ўтиб, ўзига хос устоз-шогирд анъанасига айланган. Анвар момонинг ташаббуси ва ибратли фаолияти маҳалладаги бошқа хонадонлар учун ҳам намуна бўлмоқда. “Нуроний” жамғармаси туман бўлими бошлиғи Саидқули Оқиев бошчилигида гуруҳ мазкур хонадонда бўлиб, уй хўжалиги фаолияти билан яқиндан танишди. Умуровлар оиласининг ташаббускорлиги, оилавий бандликни таъминлаш ва даромад манбаини яратиш борасидаги ибратли ишлари алоҳида эътироф этилди. Аслида, турмуш фаровонлиги ўз-ўзидан келмайди, унинг замирида тинимсиз меҳнат, ташаббус, сабр ва оила бирдамлиги мужассам.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





