Когон тумани: “Баҳоуддин Нақшбанд” маҳалласида Марҳабо Ҳайдарова иссиқхонадан барака топмоқда
2026-10-31 15:25:00 / Янгиликлар

Ҳудудда ўндан зиёд кўча бўлиб, жумладан, 2 та умумтаълим мактаби, 1 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 8 та оилавий болалар боғчаси, қатор корхона ва ташкилот, ўнлаб тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда.
Маҳаллада амалга оширилаётган ободонлаштириш, таъмирлаш-тиклаш ишлари билан бирга томорқа маданияти шаклланаётгани, аҳоли мавжуд экин еридан смарали фойдаланиб, иссиқхона хўжаликлари сони ортаётгани қувонарли, албатта. Бунда аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, кредит ва субсидиялар ажратилишида кўмаклашиш, доимий даромад манбаига эга бўлмаган ишсиз аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш баробарида томорқачилик лаёқатини оширишга эътибор қаратилмоқда.
Маҳалланинг Янги йўл кўчасида истиқомат қилувчи Марҳабо Ҳайдарова ҳам ўз хонадонидаги томорқа ер майдонидан унумли фойдаланиб, оиласи фаровонлигини таъминлаш йўлида самарали меҳнат қилмоқда. Хонадон бекаси қарийб 3 сотих ер майдонидаги иссиқхонасида айни пайтда бодрингни эртапишар навидан 1 минг туп кўчатини экиб парваришламоқда. Агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириб, уч ойлик меҳнатдан сўнг бугунга келиб пишиб етилаётган ҳосилни йиғиштириб олиш ҳаракатига киришган.
Ўз меҳнати, тажрибаси ва ерга бўлган меҳрини даромад манбаига айлантирган Марҳабо Ҳайдарова мавсум якунига қадар 3 тоннага яқин бодринг етиштириш ҳисобидан қарийб 15 миллион сўм даромад олишни кўзламоқда. Бу эса кичик томорқа майдонидан оқилона фойдаланиш, оилавий меҳнатни тўғри ташкил этиш орқали ҳам муносиб даромад топиш мумкинлигининг яққол намунасидир.
Марҳабо Ҳайдарованинг интилувчанлиги ва тиниб-тинчимаслиги шундаки, бодринг ҳосилини саранжомлаб олгач, ерни тайёрлаб, унда исмалоқ, саримсоқпиёз ва кўкатлар етиштиришни канда қилмайди. Бу ҳам рўзғор эҳтиёжига яраша маҳсулот ва қўшимча даромад дегани, албатта.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




