Олот: "Мухтор" маҳалласида болалар боғчаси кенгайтирилмоқда
2026-10-31 08:55:00 / Янгиликлар

Бу борада “Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК жамғармаси”, “Энергия самарадорлиги—VM-300”, “Taraqqiyot va yetakchilik maskani” каби дастурлар, “Open budjet” умумиллий лойиҳаси доирасида ҳудуддаги 9 та умумтаълим мактаби ва 8 та мактабгача таълим ташкилотида қурилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари адо этилди.
Айни кунда навқирон авлод вакилларини мактабгача таълим билан тўлиқроқ қамраб олиш борасида изчил амалга оширилаётган чора-тадбирлар қаторида жумладан, “Оғир маҳалла” дастури доирасида "Мухтор" маҳалласида фаолият юритиб келган 29-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг модлдий-техник шарт-шароитларини яхшилаш мақсадида қўшимча бино қурилмоқда.
Лойиҳани рўёбга чиқаришда пудратчи сифатида “Buxoro Nusrat servis” МЧЖ ишчи-мутахассислари алоҳида жонбозлик кўрсатмоқдалар. Бу манзилда умумий қиймати 2 миллиард сўмни ташкил этувчи лойиҳа доирасида мухторликлар жажжи фарзандлари учун 60 ўринли янги бино барпо этилмоқда.
Айтиш жоизки, Мухтор маҳалласида шу кунга қадар мавжуд 60 ўринли бино маҳалла болажонларига хизмат кўрсатиб келган. Бироқ кейинги йилларда ҳудудда аҳоли сони 3 минг нафардан ошгани, табиийки, маҳаллада болалар боғчасига бўлган эҳтиёжни янада оширди ва шундай хайрли ишга қўл урилди.
Ҳадемай, таъмирлаш ишлари белгиланган муддатда ва сифатли якунлангач, мактабгача таълим ташкилотида болалар учун замонавий талабларга жавоб берадиган, ёруғ, шинам, хавфсиз ва барча қулайликларга эга таълим-тарбия муҳити яратилади. Манзилдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари бориши, қурилиш материаллари таъминоти ва меҳнат жамоаси учун яратилган шарт-шароит туман ҳокимлигининг доимий назорати остида. Шунингдек, мактабгача таълим муассасаси ҳудудини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва зарур инфратузилма билан таъминлаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Муҳими, мазкур бунёдкорлик ишлари маҳалла аҳолиси, айниқса, ота-оналар томонидан мамнуният билан қарши олинмоқда. Аслида, болажонлар учун яратилаётган ҳар бир қулайлик уларнинг соғлом ўсиши, сифатли таълим-тарбия олиши ва келажаги учун жуда муҳим саналади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








