Шофирконда яна бир маданият маскани замонавий қиёфа касб этди — 42-сонли “Мустақиллик” маданият маркази фойдаланишга топширилди
2026-10-30 17:50:00 / Янгиликлар

Айниқса, аҳолининг маданий-маърифий ҳаётини бойитиш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, ёш авлоднинг ижодий қобилияти ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилувчи маданият масканларини замонавий талаблар асосида янгилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ана шундай эзгу ташаббусларнинг навбатдагиси сифатида туманнинг “Кўришкент” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 42-сонли “Мустақиллик” маданият маркази мукаммал таъмирланиб, қайтадан фойдаланишга топширилди.
Маданият масканини янгилаш учун жами 997 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Шундан 847 миллион сўм бинони замонавий талаблар асосида таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларига сарфланган бўлса, қўшимча 150 миллион сўм марказнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уни зарур мебель, жиҳозлар ва техник воситалар билан таъминлашга ажратилди.
Қурилиш-таъмирлаш ишлари “MULTICOLOR” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилиб, натижада марказнинг ташқи ва ички кўриниши тубдан янгиланди, ташриф буюрувчилар ҳамда турли маданий тадбирлар иштирокчилари учун қулай шарт-шароитлар яратилди.
Маданият марказининг тантанали очилиш маросимида туман ҳокимлиги мутасаддилари, нуронийлар, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар ҳамда соҳа вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, ижтимоий соҳа объектларини модернизация қилиш, айниқса, ёш авлоднинг истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқаришга қаратилаётган эътибор хусусида тўхталишди.
Таъкидланганидек, маданият ва санъат масканлари жамиятнинг маънавий ҳаётини бойитиш, миллий урф-одат ва анъаналарни авлоддан-авлодга етказиш, ёшларни эзгулик, ватанпарварлик ва юксак маънавий қадриятлар руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутади. Шу боис бундай муассасаларни замонавий қиёфага келтириш, уларнинг фаолиятини ривожлантириш ҳамда аҳоли учун кенг имкониятлар яратиш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Янгиланган “Мустақиллик” маданият марказида аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши, ёшларнинг ижодий, интеллектуал ва бадиий салоҳиятини юксалтириши учун зарур шарт-шароитлар яратилган.
Хусусан, марказда турли йўналишлардаги ижодий тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш учун махсус машғулот хоналари, замонавий томоша зали, нуронийлар маскани ҳамда ёшларнинг мантиқий фикрлаш қобилиятини ривожлантиришга хизмат қилувчи “Заковат” интеллектуал клуби учун алоҳида хоналар ташкил этилган.
Бу ерда болалар ва ёшларнинг санъат, мусиқа, адабиёт ва бошқа ижодий йўналишларга бўлган қизиқишини ривожлантириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш учун кенг имкониятлар мавжуд.
Шунингдек, нуронийлар учун ташкил этилган алоҳида маскан ёши улуғ инсонларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши, ўзаро мулоқот қилиши, ҳаётий тажриба ва бой маънавий меросини ёш авлод билан ўртоқлашишига хизмат қилади. Бу эса авлодлар ўртасидаги маънавий боғлиқлик ва устоз-шогирд анъаналарини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Лойиҳанинг ижтимоий аҳамияти шундаки, маданият маркази нафақат “Кўришкент” маҳалласи, балки унга туташ 15 та маҳаллада истиқомат қилувчи жами 55 минг нафар аҳолига маданий-маърифий хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлди.
Бу имконият ҳудудда маданий тадбирлар қамровини кенгайтириш, турли ижодий учрашувлар, концерт дастурлари, маънавий-маърифий кечалар ва интеллектуал беллашувларни мунтазам ташкил этиш учун муҳим замин яратади. Энг муҳими, ёшларнинг ўз истеъдодини намоён этиши, янги қобилият ва иқтидорларни кашф этиш, уларни санъат ва ижод оламига кенг жалб қилиш учун янги имкониятлар эшигини очади.
Тантанали маросим давомида маданият марказини таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларида фаол иштирок этган қурувчилар, мутахассислар, масъуллар ҳамда маҳалла фаолларига миннатдорлик билдирилди. Тадбир иштирокчилари яратилган шароитлар билан танишиб, марказнинг келгуси фаолиятига оид фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Энди ушбу маскан ҳудуд аҳолиси, айниқса, ёшлар учун истеъдод ва имкониятлар рўёбга чиқадиган, миллий қадриятларимиз ва маънавий меросимиз кенг тарғиб этиладиган, нуронийлар ва ёшлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик мустаҳкамланадиган файзли масканга айланади.



