Когон: Баҳоуддин Нақшбанд ва Саййид Амир Кулол зиёратгоҳлари инфратузилмаси яхшиланмоқда
2026-10-30 10:10:00 / Янгиликлар

Туманда кенг кўламли бунёдкорлик, йўл ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини реконструкция қилиш, таъмирлаш ишлари изчил олиб борилаётгани аҳолини мамнун қилмоқда. Ўтган ойларда жумладан, Сараён, Когон, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа маҳаллаларда аҳолининг талаб ва таклифларидан келиб чиқиб, ички йўлларни таъмирлаш ва асфальтлаштириш ишлари олиб борилгани юқоридаги фикримиз далили.
Хусусан, “Баҳоуддин Нақшбанд” маҳалла фуқаролар йиғинида туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси ишчи-мутахассислари ҳамда хусусий йўлсозлик корхоналари жамоалари жонбозлигида ички йўлларни тўла-тўкис асфальтлаш ишлари мунтазам бормоқда.
Айниқса, тумандаги муқаддас қадамжолар қаторида Ҳожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳамда Ҳожа Саййид Амир Кулол зиёратгоҳлари ва шу ҳудудда олиб борилаётган ободонлаштириш, таъмирлаш ва бунёдкорлик ишлари алоҳида аҳамиятга эга. Амалга оширилаётган ишлар натижасида мажмуалар меъморий қиёфаси янада сайқалланиб, ҳудуд обод ва кўркам масканга айланмоқда.
Бу саъй-ҳаракат ва ҳудуд қиёфаси янгиланаётгани туфайли ўтган 2025 йилда Когон туманига ташриф буюрган хорижий сайёҳ сони қарийб 90 минг нафарга етган. Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида эса бу кўрсаткич 92 минг нафардан ошмоқда. Шу билан бирга, маҳаллий сайёҳлар оқимида ҳам сезиларли ўсиш кузатилмоқда. Бу эса ҳудуднинг туристик жозибадорлиги ортиб бораётганидан далолатдир. Тарихий меросни асраб-авайлаш, меъморий обидаларнинг асл қиёфасини тиклаш ва уларни келажак авлодга муносиб етказиш мазкур ишлар замиридаги бош мақсад. Шу боис, тарихий анъаналар ва замонавий қулайликлар уйғунлашгани ҳолда зиёратчилар ва сайёҳлар учун муносиб муҳит шаклланмоқда.
Тарих ва замонавийлик уйғунлигини ўзида мужассам этган Баҳоуддин Нақшбанд ва Саййид Амир Кулол зиёратгоҳларидаги янгиланишлар нафақат ҳудуднинг туристик салоҳиятини юксалтириш, балки унинг бой маънавий меросини кенг тарғиб этишда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бундай эзгу ишлар Когон туманининг туризм жозибадорлигини ошириш, зиёратчилар оқимини кенгайтириш ҳамда миллий ва тарихий қадриятларимизни халқаро миқёсда янада кенг танитишга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати


