Бухорода «Ўзбекистон – Япония» халқаро таълим форуми ва ярмаркаси бўлиб ўтмоқда
2026-10-28 20:20:00 / Янгиликлар

Таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, ёшларнинг хорижда таҳсил олиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда Япониянинг илғор таълим тажрибасини ўрганишга қаратилган мазкур нуфузли тадбирда соҳа вакиллари, олий таълим муассасалари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар мутахассислари ва минглаб ёшлар иштирок этмоқда.
Форумнинг очилиш маросимида Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Ҳафиза Артикова, Бухоро давлат техника университети ректори Садоқат Сиддиқова ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг (JICA) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мамору Сакаи сўзга чиқиб, форумнинг ишига муваффақият тиладилар.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорлик икки мамлакатнинг илмий, академик ва маданий алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Бундай халқаро мулоқот майдонлари ёшларнинг билим ва салоҳиятини ривожлантириш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш, таълим сифатини ошириш ҳамда янги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш учун кенг имкониятлар яратади.
Форумда 3 минг нафарга яқин ёш иштирок этмоқда. Улар Япония таълим тизими, етакчи университетлар фаолияти, замонавий ўқитиш методикалари, халқаро академик алмашинув дастурлари ва хорижда таҳсил олиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумот олишмоқда.
Тадбир доирасида иштирокчилар Япония олий таълим муассасалари вакиллари билан бевосита мулоқот қилиш, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш, таълим дастурлари, қабул талаблари, стипендия имкониятлари ҳамда халқаро талабалар учун яратилган шароитлар билан танишиш имкониятига эга бўлмоқдалар.
Форум-ярмаркада Япониянинг 23 та университети вакиллари қатнашмоқда. Жумладан, Tsukuba университети, Nagoya технология институти, Waseda университети, Yokohama миллий университети, Yamagata университети, SOKENDAI, Kibi халқаро университети, Tohoku университети, Toyo университети, Hosei университети ҳамда International College of Liberal Arts (iCLA) каби нуфузли таълим муассасалари вакиллари ўз университетларининг таълим йўналишлари ва халқаро ҳамкорлик имкониятлари ҳақида маълумот бермоқда.
Шунингдек, тадбир давомида Япониянинг илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ютуқлари, замонавий технологияларни таълим жараёнига татбиқ этиш тажрибаси, илмий тадқиқотлар, академик ҳамкорлик ва талабалар алмашинуви истиқболларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур форумнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у ёшларга нафақат хорижда таълим олиш имкониятларини ўрганиш, балки келажакдаги касбий ва академик мақсадларини аниқ белгилаш, халқаро муҳитда ўз ўрнини топиш ҳамда рақобатбардош мутахассис бўлиб етишиш учун зарур билим ва тасаввурларни шакллантиришга хизмат қилади.
Бухорода ўтказилаётган «Ўзбекистон – Япония» халқаро таълим форуми ва ярмаркаси икки мамлакат ўртасидаги таълимий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ёшлар учун халқаро имкониятлар эшигини кенг очиш йўлидаги муҳим қадамдир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









