Вобкент: маҳалла гулга бурканиб, кўчалар обод бўлсин
2026-10-28 15:25:00 / Янгиликлар

Жумладан, туманда автомобиль йўллари бўйларига 40 минг туп, каналлар, ариқлар ва зовурлар бўйларига 15 минг туп, атроф-муҳитга таъсир хавфи “юқори” ва “ўрта” даражадаги хавфли тоифаларга мансуб саноат корхоналари томонидан “яшил белбоғ”лар барпо этиш мақсадида 20 минг 700 туп, мактабгача ва мактаб таълими муассасалари ҳамда уларга туташ ҳудудларга 7 минг туп, соғлиқни сақлаш иншоотлари ва уларга туташ ҳудудларга 4 минг 900 туп дарахт ниҳоллари ўтқазилиб, талаб даражасида парваришланмоқда.
Айни кунларда ҳам маҳалла ва кўчалар, мактаб, боғча, корхона, ташкилотларда ниҳол ўтқазиш, кўкаламзорлаштириш ишлари қизғин давом этмоқда. Бу жараёнда тумандаги меҳнат жамоалари ишчи-ходимлари, жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этмоқдалар.
Туман ободонлаштириш бошқармаси меҳнат жамоаси томонидан ҳозирда “Анжирбоғ” маҳалласидаги Ҳожа Маҳмуд Анжир Фағнавий зиёратгоҳи ҳамда “М-37” автомобил йўли ёқаларида гул кўчатларини ўтқазиш, ҳудудларни хазон ва маиший чиқиндилардан тозалаш, экин майдонларига тўқсонбосди экинларини экиш, маҳаллаларда чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиб кетиш, манзарали дарахтларга шакл бериш ишлари кўздан кечирилди.
Шу билан бирга, куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида ҳудудда газ таъминоти тармоқлари қувурларини тартибга келтириш, бўяш, электр энергиясини хавфсиз етказиб бериш мақсадида эскирган симёғочларни бетон-таянч устунларга алмаштириш ишлари ҳам олиб борилиб, бу борада аниқланган нуқсон ва камчиликлар бартараф қилинмоқда.
Шу ўринда айтиш жоизки, бу каби ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишлари нафақат масъул ташкилотлар, балки ҳар биримизнинг ташаббусимиз ҳамда фаол ҳаракатимизга боғлиқ, албатта. Ободонлаштириш ишларида муносиб қатнашиш, уйимиз, хонадонимиз, ҳовли-жойимиз, ҳатто томорқаларимиз ораста ва кўкаламзорлигини сақлаш, хазон ёки чиқиндиларни ўз вақтида бартараф этишда ҳар биримиз ташаббус кўрсатиб, маҳалламиз, кўчамизни обод масканга айлантирайлик.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
