Шофиркон: 600 минг сўмдан бошланган меҳнат ва тадбиркорлик йўли
2026-10-27 19:30:00 / Янгиликлар

Табиийки, Ватанга қайтиб, ҳаммасини бошидан бошлаш, даромадли иш топиш осон эмас, жамғарилган маблағ ҳам аста-секин тугади. Аммо синов ва қийинчиликларга таслим бўлишни истамаган жуфтлик бор имкониятдан унумли фойдаланиб, тадбиркорликка бел боғлади. Маҳалла маъмурияти ва оила аъзоларининг яқин кўмаги уларга мадад бўлди. Шу тариқа, эр-хотин ўз имкониятларига таянган ҳолда тандир ёқиб, ширмой нон ва патир пиширишни бошладилар.
Бунинг учун дастлаб 600 минг сўм маблағ сарфланиб ун, қолаверса, ўтин жамғарилди. Бир йил бурун кичик қадамдан бошланган бу ташаббус бугун амалий самарасини кўрсатмоқда. Ўзига хос новвойхона фаолиятини йўлга қўйган Дилноза Аслонова турмуш ўртоғи ва фарзандлари кўмагида аҳоли дастурхонига иссиқ ва мазали нон маҳсулотларини етказиб бермоқда. Муҳими, хушхўр нон маҳсулотларига талаб ва эҳтиёж бор, мижозлар сафи кенгаймоқда.
Бугунга келиб Дилноза ва Ихтиёрнинг оилавий тадбиркорлиги туфайли бир кунда ўртача 80–100 дона патир ва 200 донагача уй нони пишириб, тайёрлаб сотилмоқда. Эр-хотиннинг айтишича, фаолият яхши йўлга қўйилган кунларда сарф-харажатидан ташқари, оила кунига қарийб 800 минг сўм соф фойдага эришмоқда. Дастлабки кичик маблағдан бошланган меҳнатнинг самараси ҳам айнан шунда намоён бўлмоқда.
Дилноза Аслонова фаолиятидан руҳланиб, фақат оилавий даромад билан чекланиб қолмади. У ўз ташаббуси орқали ҳозирда тадбиркорлик фаолиятига саккиз нафар хотин-қизни ҳам жалб этиб, улар билан бирга моддий манфаатга эришмоқда. Ишбай асосда меҳнат қилаётган ишчилар кунига 200 минг сўм атрофида даромадни қўлга киритишмоқда.
Дилноза Аслонова ҳамда Ихтиёр Болтаевлар оилавий тадбиркорликни юритишларида уларга “Ҳар бир оила — тадбиркор” давлат дастури доирасида банкдан 30 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи ажратилгани жуда қўл келди. Новвойхона учун зарур хом ашё—ун, хамир қориш ускунаси ва бошқа ашёлар харид қилиниб, эмин-эркин иш юритилмоқда. Асосийси, бугун бир оила меҳнат ва изланувчанлиги туфайли хорижга қатнаб ишлаш қийинчилиги, оворагарчилигидан халос бўлди. Қолаверса, уй хўжалигида мавжуд имкониятлар, яъни, томорқачилик ва чорва молларини парваришлашда етарли тажриба орттирилиб, эришилаётган моддий манфаатдорлик ҳисобидан турмуш тарзи яхшиланмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





