Қоровулбозор: “Тинчлик” маҳалласида болалар спорт майдончалари барпо этилмоқда
2026-10-27 19:05:00 / Янгиликлар

Мазкур кўп қаватли турар жойларнинг 51 таси "Тинчлик" маҳалласида жойлашган бўлиб, мазкур аҳоли яшаш уйларини қишки мавсумга тайёрлаш мақсадида турар жойлар жорий таъмирдан чиқарилаётгани баробарида кўп қаватли уйларга туташ ҳудудлардаги ерлар тартибга келтирилиб, айни кунда мевали ва манзарали дарахт кўчатларини ўтқазишга эътибор қаратилмоқда.
Тинчлик маҳалласидаги кўп қаватли уйлар инфратузилмасини яхшилаш мақсадида ўтган ойларда электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви тармоқлари билан бирга, Нуробод, Жамбул, Бекзод ва Бобур кўчаларининг 4 минг метр қисми асфальтлаштирилган. Айни кунда қарийб 6 минг нафар аҳолисига эга маҳаллада аҳоли учун дам олиш ва жисмоний фаоллик имкониятларини кенгайтиришга қаратилган қурилиш, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
“Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” тамойили асосида айнан “Тинчлик” МФЙ да ҳудуд инфратузилмасини замонавий талаблар асосида янгилашга қаратилган бунёдкорлик ишлари изчил давом этмоқда. Хусусан, Нуробод ва Жамбул кўчаларида аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши ҳамда хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида замонавий футбол ва болалар майдончалари, “бесатка” айвонлар, энергия тежамкор тунги ёритиш тармоғи ҳамда пиёдалар йўлаклари барпо этилди.
Маҳалла марказий кўчасидан 500 метр масофадаги тротуар—пиёдалар ўтиш йўлаги барпо қилинган. Бу ишда пудратчи “Chorbakr qurilish ta’mir” МЧЖ ишчилари жонбозлик кўрсатдилар. Улар кўмагида йўловчи пиёдалар қатнови учун хавфсиз йўлак вазифасини ўтайдиган тротуар мустаҳкам бетон плиткалар билан қопланди.
Айни кунда худди шундай, Навоий кўчасидаги 11, 12, 13, 14 ва 15-кўп қаватли уйлар олдида замонавий болалар ўйингоҳи ҳамда wоркauт майдончаси барпо қилинмоқда. Мазкур ишлар маҳалла ёшлари, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, очиқ ҳавода жисмоний машқлар билан шуғулланиши учун шарт-шароит яратишга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







