Ғиждувон: 400 нафарга яқин аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди
2026-10-25 11:45:00 / Янгиликлар

Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалининг 22 нафар мутахассисларидан иборат гуруҳи туманда бўлиб, аҳоли саломатлигини баҳолаш, касалликларни аниқлаш ва зарур тиббий тавсиялар беришга доир хизмат кўрсатди.
Тиббий кўрикда ўз саломатлигига бефарқ бўлмаган 400 нафарга яқин фуқаро иштирок этди. Уларнинг 98 нафари ногиронлиги бўлган шахслардир. Кўрик натижаларига кўра, 292 нафар фуқарода турли касалликлар аниқланди. Ўзгалар ёрдамига муҳтож бўлган, ёлғиз яшовчи I гуруҳ ногиронлиги бўлган икки нафар фуқаронинг хонадонига борилиб, тиббий кўрик ўтказилди.
Касаллик аниқланган беморларнинг 26 нафарига туман марказий шифохонасида, 8 нафарига эса вилоятдаги даволаш муассасаларида даволаниш тавсия этилди. Қолган 258 нафар фуқаронинг амбулатор шароитда ҳудудий оилавий поликлиникаларда даволаниши бўйича кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, 40 ёшдан ошган 27 нафар аёлга филиал врач гинекологлари томонидан тиббий маслаҳатлар берилиб, уларни соғломлаштириш чора-тадбирлари белгиланди. Кўрик давомида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турувчи, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож беморларга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирнинг муҳим йўналишларидан бири жарроҳлик амалиётлари бўлди. Филиалнинг травматолог ва жарроҳларидан иборат оперatsiон бригадаси туманнинг шошилинч тиббий ёрдам бўлимида жарроҳлик амалиётларини ўтказдилар. Амалиётлар туман мутахассислари иштирокида “Маҳорат дарси” шаклида ташкил этилди. Жумладан, кам таъминланган оилалардан бўлган икки нафар беморда кам инвазив, юқори технологияли мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажарилди.
Кўрикда аён бўлган касалликларни босқичма-босқич даволаш мақсадида туман соғлиқни сақлаш бўлими, марказий шифохона ва кўп тармоқли марказий поликлиника билан ҳамкорликда тегишли режалар ишлаб чиқилган.
Бундан ташқари, тадбир доирасида соғлом овқатланиш тамойилларини тарғиб этишга қаратилган “Соғлом турмуш тарзи дастурхони” ташкил қилиниб, унда парҳез таомлар намойиш этилди.
Бундай чуқурлаштирилган тиббий кўриклар аҳолига малакали тиббий ёрдамни яқинлаштириш, касалликларни эрта аниқлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
