Жондор: “Xo‘jaev Sharif” фермер хўжалиги ва “Miraziz Mirzobek” МЧЖ юқори унумдор тракторларига эга бўлди
2026-10-25 11:40:00 / Янгиликлар

Экин ерларидан самарали фойдаланиш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқда фуқароларнинг бандлиги ва фаровонлигини ошириш бўйича вилоятимизда ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Юқоридаги қарорга мувофиқ, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон фермерлари кенгаши ҳузурида Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил қилинган.
Куни кеча Жондор туманида ташкил қилинган кўргазмали ўқув-амалий семинари шу мавзуда бўлди. Юқоридаги жамғарма вилоят вакили, туман ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги ҳамда фермерлар кенгаши туман бўлимлари масъуллари, фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари қатнашган семинарда ҳукумат томонидан яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд қилинганидек, фермер ва деҳқон хўжаликлари, бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига чорвачилик (қорамол, қўй, эчки), балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик, куркачилик ва паррандачилик, биогумус ишлаб чиқариш, агротуризм лойиҳалари, сув чиқариш учун тежамкор насос агрегатлари харид қилиш, қишлоқ хўжалиги мақсадларида қуёш панелларини ўрнатиш, артезиан қудуқларини қазиш, ёмғирлатиб суғориш тизимини ўрнатиш ва дала дўконларини қуриш учун — 1 йилгача имтиёзли давр билан 4 йил муддатга кредитлар ажратилмоқда.
Фермер ва деҳқон хўжаликлари, бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига боғдорчилик (кўчатчилик), узумчилик (ток сўриси) ва лимончиликни ташкил этиш, иссиқхона қуриш, қишлоқ хўжалиги техникаси ва транспорти ҳамда асбоб-ускуналарини харид қилиш, кўчма музлаткичларни ўрнатиш, “in-vitro” ва бошқа лабораториялар, совутиш омборхоналарини ташкил этиш учун — 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача кредитлар ажратиш тартиби жорий қилинган.
Жумладан, юқори унумдор трактор хариди учун жамғарма кўмагида “Xo‘jaev Sharif” фермер хўжалигига 548 миллион сўм, худди шундай “Miraziz Mirzobek” МЧЖга 360 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи ажратилгани эътироф қилинди. Семинарда “Xo‘jaev Sharif” фермер хўжалиги “Lovol-1454” русумли, “Miraziz Mirzobek” МЧЖ эса “Беларус-80” русумли юқори унумдор техника воситаларини қабул қилдилар.
Тадбирда қишлоқ хўжалиги корхоналари вакилларига имтиёзли тартибда кредит маблағи олиш учун ҳоким ёрдамчиси ва вилоят Фермерлар кенгаши тавсияномаси, гаров таъминоти ҳамда ижобий кредит тарихи талаб этилиши тушунтирилди. Бу саъй-ҳаракат фермер хўжаликларининг техника билан таъминланиш даражасини ошириш, меҳнат унумдорлигини ошириш, маҳсулот етиштириш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
