Жондор: “Яшил макон” ҳаракати доирасидаги чора-тадбирлар давом эттирилмоқда
2026-10-23 18:40:00 / Янгиликлар

Бу ҳудудларни кўкаламзорлаштириш мақсадида 100 минг тупдан ортиқ турли хил манзарали дарахт кўчатлари етказиб берилган. Жумладан, каталпа, шумтол, қайрағоч, тут ҳамда бошқа манзарали дарахт кўчатлари маҳаллалар, ободонлаштириш бўлимлари, фермер хўжаликлари, тиббиёт муассасалари ва таълим масканларига тарқатилган.
"Яшил макон" ҳаракати доирасида маҳалла ва қишлоқларни ободонлаштириш бўйича Алели маҳалласида бўлиб ўтган амалий семинарда ҳам шу хусусдаги чора-тадбирлар белгиланди. Бу борада ҳар бир маҳаллада дарахт ва гулзорлар майдонини кўпайтириш, аҳолининг мазмунли дам олиши учун қулай шарт-шароит яратиш зарурлигига эътибор қаратилмоқда.
Жондор давлат ўрмон хўжалиги тасарруфидаги умумий ер майдони чўл массивларидаги яйлов билан қўшганда, 86 минг гектардан зиёд бўлиб, шундан хўжаликнинг Оғар ва Ромитан бўлимларидаги 137 гектар суғориладиган контурларда мевали ва манзарали дарахт кўчатхоналари ташкил этилган.
Худди шундай, халқ табобати учун доривор ўсимликлар, элимиз дастурхони тўкинлигини таъминлаш учун ғалла ва сабзавот-полиз маҳсулотлари экиб етиштириб келинмоқда. Хўжаликнинг “Оғар” бўлими Манқуфи аҳоли пунктида ажратилган 5 гектар майдонда тут кўчатхонасини барпо қилиш ҳаракати бормоқда.
Кўчатчиликка ихтисослашган давлат ўрмон хўжалиги мутахассислари таъкидлашича, кўчатларни етиштиришда замонавий агротехнологиялар қўлланилиб, иқлим шароитига мос ва сифатли бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса экилган дарахтларнинг тез мослашиб, барқарор ўсишини таъминлайди. Ҳашар доирасидаги бундай кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари нафақат ҳудуднинг экологик мувозанатини мустаҳкамлайди, балки аҳоли орасида табиатга меҳр, атроф-муҳитга эътибор ва масъулият ҳиссини ҳам янада оширади.
Семинарда туман мутасаддилари томонидан ҳар бир маҳалланинг бўш турган ёки фойдаланилмаётган ҳудудларини аниқлаб, уларда яшил майдон, парк ва гулзорлар ташкил этиш, ҳудуднинг тупроқ ва иқлим шароитига мос келадиган, манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ҳамда кўп йиллик гулларни танлаб экиш ҳамда ўтқазилган дарахт ва гулларни парваришлаш, суғориш тармоғини шай қилишга эътибор қаратилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
