Пешку: Хоркашда 32-сонли оилавий поликлиника филиали очилди
2026-10-23 18:25:00 / Янгиликлар

Хусусан, Бобоҳожи, Гулистон, Хоркаш, Зандани ва Дўстлик маҳаллаларида тиббиёт муассасаларини барпо этиш, мавжуд биноларни мукаммал таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишлари жадал олиб борилди. Бунда тиббий хизмат кўрсатиш учун қулай ва замонавий иш муҳитини яратиш, тиббиёт хоналарини белгиланган меъёрларга мослаштириш, муассасаларнинг функционал имкониятларини кенгайтириш ҳамда ҳудудларни ободонлаштириш чоралари кўрилди.
Шунингдек, янги барпо этилаётган ва реконструксия қилинаётган поликлиникаларни замонавий тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминлашга долзарб вазифа сифатида қаралмоқда. Бу эса аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш сифатини ошириш, касалликларни эрта аниқлаш ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Куни кеча “Хоркаш” маҳалла фуқаролар йиғинида янги барпо этилган 32-сонли оилавий поликлиниканинг Хоркаш филиали фойдаланишга топширилди. Тадбирда туман ҳокимлиги, тиббиёт бирлашмаси масъуллари, жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари ҳозир бўлдилар.
Мазкур тиббиёт муассасаси Ўзбекистон Республикаси Президенти администрatsiяси раҳбарининг топшириғи асосида умумий қиймати 4 миллиард 200 миллион сўм маблағ ҳисобидан янгидан барпо этилди. Кундалик қабул сиғими 50 қатновга мўлжалланган замонавий тиббиёт маскани ҳудуддаги 941 та оилада истиқомат қилувчи жами 3 854 нафар аҳолига тиббий-профилактик хизмат кўрсатади.
Муассасада 117 нафар бир ёшгача бўлган бола, 18 ёшгача бўлган 1 283 нафар фуқаро, шунингдек, катта ёшли аҳоли ва ногиронлиги бўлган фуқароларга тиббий хизмат кўрсатиш имкониятлари яратилган.
Мазкур тиббиёт масканида 12 нафар тиббиёт ходими аҳолига намунали хизмат кўрсатишга жалб қилинган.
Бу каби қулайликар хоркашликлар учун муҳим ва кўпдан кутилган янгиликлардан бири бўлди. Муассасанинг рамзий алвон лентаси қирқилгач, тадбирда йиғилганлар тиббиёт масканида яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишдилар. Муҳими, мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида ҳудудда тиббий инфратузилма янада такомиллашиб, аҳоли учун замонавий, қулай ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш шароитлари яратилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





