Бухоро тумани: “Biochar” — тупроқ унумдорлигини оширувчи истиқболли технология
2026-10-22 19:10:00 / Янгиликлар

Бухоро тумани “Кўчкўмар” маҳалласидаги “Ойбек” фермер хўжалигида “biochar” технологиясини қишлоқ хўжалигига кенг жорий этишга бағишланган вилоят амалий семинари бўлиб ўтди. Соҳа ходимлари тажриба алмашинувига хизмат қиладиган мазкур тадбирда туманлар ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарлари, агрокластерлар вакиллари, агрономлар, ўсимликлар карантини ва ҳимоясига оид масъуллар, фермерлар иштирок этдилар.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Амрилло Назаров, шунингдек, вилоят ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги бошқармаси мутасаддилари йиғилганларга шу кеча-кундуздаги агротехник тадбирлар, келгуси йил ҳосилига пухта тараддуд кўриш, экин ерлари мелиоратив ҳолатини яхшилаш, дала атрофларидан унумли фойдаланишга доир тушунтириш ва тавсияларини бердилар.
Семинар қатнашчилари “Biochar” технологиясининг афзалликлари билан батафсил таништирилди. Ушбу маҳсулот ёғоч, ўсимлик қолдиқлари, ғўзапоя, чорва гўнги ва бошқа органик чиқиндиларни кислородсиз муҳитда куйдириш орқали олинади. Биочар тупроқнинг органик моддалар билан бойишини таъминлайди, озуқа элементлари таркибини оширади, намликни узоқ вақт ушлаб туришга ёрдам беради, тупроқдаги микроорганизмлар фаоллиги ва биологик хилма-хиллигини кучайтиради. Унинг ғовак тузилиши тупроқнинг ҳаводорлиги ва физик ҳолатини яхшилаб, структурасини мустаҳкамлайди.
“Biochar” — ёғоч қолдиқлари, похол, сомон каби табиий чиқиндилардан олинадиган, тупроқнинг нам сақлаш ва ҳаводорлик хусусиятини яхшиловчи модда. Туманда бевосита пахтачиликда банд бўлган 270 тага яқин фермер хўжаликлари қаторида Саноқул Набиев раҳбарлигидаги "Ойбек" фермер хўжалигида ҳам жорий йилда 40 гектар ерда “оқ олтин” етиштирилиб, айни кунда 200 тоннадан ошириб хирмон барпо қилинди.
Семинарда берилган илмий тавсиялар ва амалий кўрсатмалар фермер хўжаликлари фаолиятида замонавий технологиялардан фойдаланиш, ер ресурслари самарадорлигини ошириш ҳамда экологик барқарор деҳқончиликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
