Вобкент: ошхона, ресторан ва кафелар учун яна бир имконият — “Mildrich” корхонаси фаолияти йўлга қўйилди
2026-10-21 22:40:00 / Янгиликлар

Тадбиркорлик ташаббусларини ривожлантириш, хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш, маҳаллий тадбиркорлар учун қулай шарт-шароит яратиш йўлида Вобкентда яна бир муҳим қадам ташланди. Ошхона, ресторан ва кафелар, умумий овқатланиш шахобчалари, новвойхона ва қандолат цехлари учун зарур бўлган замонавий ускуна ва дастгоҳлар, мебел ва хизмат кўрсатиш воситаларини таклиф этувчи “Mildrich” таъминот корхонаси тантанали очилди.
Мазкур корхона тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва кенгайтириш истагида бўлган фуқаролар учун зарур жиҳозларни бир манзилдан харид қилиш имкониятини яратади. Корхонада ресторан, кафе, ошхона ва бошқа умумий овқатланиш масканлари фаолиятида фойдаланиладиган турли хил ускуна ва жиҳозлар, шунингдек, мебел маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилгани маҳаллий тадбиркор ва ташаббускорлар учун ҳам қулай имкониятдир.
Корхона раҳбари Юсуф Қодировнинг таъкидлашича, мижозлар талабини қондириш ва сифатли маҳсулотлар таклиф этиш мақсадида Хитой ва Туркия давлатларидан замонавий ускуна ва дастгоҳлар олиб келинмоқда. Ҳозирда корхона савдо дўконида катта ва кичик ҳажмдаги жами 300 тага яқин ускуна ва жиҳозлар мавжуд.
Шунингдек, мижозларга қулайлик яратиш мақсадида буюртма асосида маҳсулотларни етказиб бериш хизмати ҳам йўлга қўйилгани тадбиркорларга ўз фаолияти учун зарур жиҳозларни ортиқча вақт ва сарф-харажатсиз топиш имконини беради.
“Mildrich” савдо маркази очилиш маросимида АТ “Халқ банки” вилоят минтақавий маркази раҳбари Саидмурод Исроилов, Вобкент тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Отабек Муқимов ва бошқалар иштирок этдилар.
Таъкидланганидек, ҳудудда тадбиркорлик ташаббусларини ривожлантириш, янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларни камбағалликдан чиқаришда мазкур лойиҳанинг ўз ўрни бор. Бу кам таъминланган аҳоли тоифаси учун ҳам даромад манбаи бўлиб хизмат қилади.
Тадбирда савдо маркази рамзий алвон лентаси қирқилгач, унда йиғилганлар савдо майдони ва улардаги жиҳозлар, зарур технологиялар, замонавий русумдаги ишлаб чиқариш ускуна ва дастгоҳлари билан яқиндан танишдилар. Айрим харидорлар ўзларига зарур технология ва маҳсулотларни шу ернинг ўзида харид қилдилар.
“Mildrich” корхонасининг иш бошлаши туманда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, умумий овқатланиш шохобчалари фаолиятини кенгайтириш ҳамда янги тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантиришга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
