Ботир Зарипов “Shukur Toʻxta” фермер хўжалигида наслдорлик ва маҳсулдорлик билан танишди
2026-10-21 18:35:00 / Янгиликлар

Қишлоқ хўжалигида техника парки ва меҳнат жамоасини кенгайтириб бораётган фермер хўжалиги кейинги йилларда қўшимча тармоқ сифатида чорвачиликни ривожлантириб, айни кунда “smental”, “angust”, “golshteyn”, “greenford” зотига мансуб қорамоллари сонини 450 бошга етказган. Худди шундай, майда шохли қўй-қўзи сони 800 бошга етказилган хўжаликда 22 бош от парваришланмоқда.
Бугун вилоят ҳокими Ботир Зарипов Ғиждувон туманидаги ўрганишлари давомида "Shukur Toʻxta" фермер хўжалигида ҳам бўлиб, қишлоқ хўжалигидаги фаолияти билан бирга чорвачиликда эришаётган ютуқлари, амалга оширилаётган лойиҳалар билан яқиндан танишди.
Ҳозирда хўжалик умумий сиғими 2 минг бош қорамол парваришлашга мўлжалланган чорва павильони билан бирга асосан маккажўхори, ўт беда ва тариқ экиб етиштирилаётган 40 гектарли экин ерига ҳам эга. "Shukur Toʻxta" фермер хўжалиги чорвачиликда бўрдоқичиликка эътибор қаратгани ҳолда ўтган йили 25 тонна гўштни аҳоли истеъмолчиларига етказиб берган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 30 тоннага етказиш имконияти яратилган. Шунингдек, хўжаликда ҳозирда 70 бошдан ошиқ соғин сигирдан ҳар куни соғиб олинаётган 800 литрга яқин сут маҳсулоти аҳоли дастурхонига етказилмоқда.
Фермер хўжалиги ўтган йили Россия, Болтиқбўйи ва Германия давлатларидаги наслчилик хўжаликларидан 150 бош зотдор қорамол олиб келиб, парваришлашни йўлга қўйган. Хўжалик томонидан ҳудуддаги қорамолчиликка қизиқадиган хўжаликлар, аҳоли хонадонларига наслдор бузоқ ва қўйлар банк имтиёзли кредит маблағи асосида 3 йил муддатга, 6 ой имтиёзли даври билан етказиб берилмоқда. Бу иш жараёни фермерларимизга янги тажриба, аҳолига эса қўшимча иш ўрни, даромад манбаи ҳамдир. Мазкур чора-тадбир ортидан маҳаллий аҳоли учун сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари етиштириш имкониятларини кенгайтириш, маҳаллий шароитда чорвачилик самарадорлигини ошириш мақсад қилинган.
"Shukur Toʻxta" фермер хўжалиги айни кунда АТ “Асакабанк” вилоят филиали билан ҳамкорликда хориждан наслдор қорамол сотиб олиш учун 320 минг АҚШ доллари миқдорида кредит маблағини расмийлаштирган. Бу сармоя эвазига чет элдаги наслчилик хўжаликларидан зотдор чорва моллари харид қилиниб, қорамолларни ветеринария талаблари асосида парваришлаш, кўпайтириб, аҳоли хонадонлари ва бошқа хўжаликларига имтиёзли тартибда сотиш фаолияти янада ривожлантирилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





