Вилоятда куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш, ёнғин ва ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди
2026-10-20 20:55:00 / Янгиликлар

Йиғилишда мавсум давомида аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари, кўп квартирали уйлар, бозорлар ва савдо мажмуаларида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этиш, электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ва иссиқлик таъминотининг барқарорлигини таъминлаш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, вилоятда жорий йилнинг ўтган даврида 626 та ёнғин ҳолати қайд этилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 23 тага камайган бўлса-да, айрим ҳудудларда ёнғинлар сонининг ортиши ташвишли ҳолат сифатида қайд этилди. Хусусан, Олот, Бухоро, Қоракўл, Ғиждувон ва Ромитан туманлари, шунингдек, Когон шаҳрида ёнғин ҳолатлари кўпайган.
Ёнғинларнинг асосий сабаблари электр ускуналаридан нотўғри фойдаланиш, очиқ аланга билан боғлиқ эҳтиётсизлик, иситиш печларини қуриш ва ишлатиш қоидаларининг бузилиши ҳамда бошқа омиллар билан изоҳланди. Қайд этилган ёнғинларнинг 518 таси, яъни 83 фоизи аҳоли хонадонларида содир бўлган.
Ушбу ҳолат газ ва электр жиҳозларидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя этиш, мўри ва шамоллатиш каналларини мунтазам тозалаш, носоз ускуналардан фойдаланмаслик ҳамда профилактика ишларини янада кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Йиғилишда масъул идора ва ташкилотлар, шаҳар ва туман ҳокимликлари раҳбарларига куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини расмиятчилик учун эмас, балки ҳар бир хонадон ва ижтимоий объект хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ташкил этиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Жумладан, барча аҳоли хонадонларини бирма-бир хатловдан ўтказиш, мўри ва шамоллатиш тизимларининг техник ҳолатини текшириш, аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш, қўлбола ва ностандарт электр ҳамда газ иситиш мосламаларидан фойдаланишга чек қўйиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Шу билан бирга, таълим ва тиббиёт муассасаларининг мавсумга тайёргарлигини қисқа муддатларда ўрганиш, иситиш тизимлари ва қозонхоналарнинг созлигини таъминлаш, зарур ёқилғи ҳамда эҳтиёт қисмлар захирасини яратиш, электр энергияси ёки газ таъминотида узилишлар юзага келган тақдирда фаолиятни давом эттириш учун муқобил манбаларнинг шайлигини таъминлаш топширилди.
Бозорлар ва савдо мажмуаларида ёнғинга қарши йўлаклар, эвакуация чиқиш жойлари, сув таъминоти ҳамда электр ва газ тармоқларининг ҳолатини текшириш, электр тармоқларидаги ортиқча юкламаларни бартараф этиш, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви ва иссиқлик билан узлуксиз таъминлаш чораларини кўриш вазифалари ҳам белгилаб берилди.
Кўп квартирали уй-жой фонди, иссиқлик манбалари, насос станциялари ва коммунал инфратузилма объектларини мавсумга тўлиқ тайёрлаш, фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракат қилиш учун авариявий-қутқарув техникалари ва махсус хизматлар бригадаларининг доимий шайлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Маҳаллаларда аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш, ёнғин ва ҳаво-газ аралашмаси чақнашининг олдини олишга қаратилган тушунтириш ишларини кучайтириш, хавфсизлик қоидаларини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, телевидение орқали мазкур ҳодисаларнинг аянчли оқибатлари акс этган видеороликларни мунтазам намойиш этиб бориш тавсия этилди.
Шаҳар ва туман ҳокимликларига коммунал хизматлар билан боғлиқ мурожаатларни тезкор қабул қилиш ва ҳал этиш мақсадида 24 соатлик навбатчилик ҳамда диспетчерлик тизимини ташкил этиш вазифаси юклатилди.
Йиғилиш якунида белгиланган вазифалар ижросини қатъий назоратга олиш, масъул раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш, мавсум давомида юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни олдиндан аниқлаш ва бартараф этиш зарурлиги таъкидланди.
Асосий мақсад — куз-қиш мавсумини аҳоли учун хавфсиз ва қулай шароитда ўтказиш, ёнғин, ис газидан заҳарланиш ва бошқа фавқулодда ҳодисаларнинг олдини олиш, энг муҳими, инсон ҳаёти ва саломатлигини асрашдан иборат.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
