Қоракўл: “Ғамўрлик” маркази—меҳр, меҳнат ва имконият маскани
2026-10-17 19:55:00 / Янгиликлар

Қоракўл туманидаги "Мурувват" ногиронлиги бўлган эркаклар учун интернат уйи ҳам “G‘amxo‘rlik” марказига айлантирилиб, бу ерда реаблитaция, ижтимоий мослашув ва мустақил ҳаётга тайёрлаш хизматлари йўлга қўйилди. Мақсад — инсонни ажратиш эмас, уни жамиятга қайтариш.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 декабрдаги “2024-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятимиздаги ижтимоий соҳа иншоотлари қаторида Қоракўл туманидаги собиқ интернат уйи ҳам мукаммал таъмирдан чиқарилиб, унда мавжуд 244 ўринли бино-иншоот талаб даражасига келтирилиб, қўшимча 156 ўринли бино қуриб фойдаланишга топширилган. Инвестиция дастури асосида мазкур лойиҳа учун қиймати 34 миллиард 742 миллион сўм маблағ ажратилган.
Муассасанинг бўш ер майдонларидан унумли фойдаланган ҳолда икки йил бурун икки қаватли 4 та блок, бир қаватли меҳмон уйи, реаблитaция, спорт зали, фаоллар зали ва ошхона қуриб битказилгани яна бир имконият бўлди. Марказга келган киши бу ерда шунчаки парвариш ва эътибор эмас, балки меҳнат ва ишонч, янги кўникмаларни эгаллаш, ўз имкониятларини намоён этиш учун яратилган муҳит яратилганига гувоҳ бўлади. Тикувчилик цехи, новвойхона, сартарошлик хизмати ва томорқа ери—иссиқхоналарда олиб борилаётган ишлар бунинг яққол ифодасидир.
Масалан, муассасадаги тикувчилик цехи парваришланувчилар учун касб ўрганиш ва амалий кўникмаларни ривожлантириш масканига айланган. Бу ерда улар тикув машиналарида ишлаб, матоларга ишлов беришни ва турли буюмлар тикиб тайёрлашни ўзлари бажаришмоқда. Ҳар бир тайёр маҳсулот ортида улар меҳнати мужассам, албатта.
Новвойхонада эса нон ва нон маҳсулотларини ҳам муассасада қўним топганларнинг ўзлари пишириб тайёрлашмоқда. Сартарошлик хизмати эса уларга яна бир йўналишда амалий кўникмаларни эгаллаш имконини бермоқда. Муҳими, бундай машғулотлар парваришланувчиларнинг кундалик ҳаётда фаол бўлиши, мустақил касб-ҳунар кўникмаларини ривожлантириши, ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлаши ва жамият ҳаётида фаол иштирок этишига кўмаклашади.
Ҳудуддаги иссиқхоналарда ҳам ҳаёт қайнайди. Бир иссиқхонада парваришланаётган лимон кўчатлари аллақачон ҳосилга кириб, пишиб етилаётган бўлса, бошқа иссиқхонада помидор, бодринг, булғор қалампири, картошка ва кўкатлар етиштириш канда бўлмайди. Албатта, бунда ҳам шу маскан соҳибларининг астойдил меҳнати, экишдан олдин ерни обдон тайёрлаш, кўчат ва уруғни саралаб экиб ўтқазиш, парваришлаш ишларида ҳам фаолликлари ва ҳалол пешона тери мужассам.
Тупроққа қадалган ҳар бир кўчат, парваришланаётган ниҳол ва эришилаётган ҳосил уларнинг меҳнатга бўлган хайрихоҳлиги ва қизиқишини янада оширмоқда. Зеро, ўз қўли билан эккан кўчатининг ўсиб, ҳосил беришини кўриш кишига ўзгача қувонч, завқ бағишлайди. Инсон қадр-қиммати унинг имкониятлари билан чекланмайди. Унга ишонч билдириш, меҳнат қилиши учун шароит яратиш ва ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш — чинакам ғамхўрлик намунасидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
