24/7 тамойили: Бухоро туманининг «Наврўз» маҳалласида янги ҳаёт нафаси
2026-10-15 18:55:00 / Янгиликлар

Сўнгги вақтларда маҳаллада ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва аҳолига қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, бир муддат Ғала Осиё касб-ҳунар мактаби биносида фаолият юритган маҳалла маъмурий биноси қайтадан қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Шунингдек, ҳудуддаги мактаб ва мактабгача таълим ташкилоти бинолари таъмирланиб, зарур муҳандислик-коммуникация тармоқларидаги мавжуд нуқсон ва камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Бу каби бунёдкорлик ишлари аҳоли турмуш шароитларини яхшилаш, ижтимоий хизматлар сифатини ошириш ва маҳаллада янада қулай муҳит шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Айни пайтда маҳаллий бюджетнинг орттирилган қисми ҳисобидан ажратилган маблағлар эвазига маҳалланинг Ф. Хўжаев кўчасида 24/7 режимида фаолият юритадиган замонавий маскан барпо этилмоқда. Лойиҳа доирасида кўчани ободонлаштириш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, аҳоли ва меҳмонлар учун мазмунли ҳордиқ чиқариш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилган.
Ободонлаштириш ишлари натижасида кўча бўйида 20 тага яқин савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчасини ташкил этиш режалаштирилган. Бу эса маҳаллада тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, янги хизмат турларини йўлга қўйиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш учун қўшимча имкониятлар яратиши кутилмоқда.
Ҳозирда Ф. Хўжаев кўчасида пиёдалар йўлакларини барпо этиш, замонавий ёритиш чироқларини ўрнатиш, ҳудудни кўкаламзорлаштириш, манзарали дарахт кўчатлари ва гуллар экиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур ишлар кўчанинг архитектуравий қиёфасини яхшилаш, пиёдалар учун қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитларини яратиш, шунингдек, ҳудуднинг эстетик жозибадорлигини оширишга қаратилган.
Эътиборлиси, кўчани 24/7 тамойили асосида фаолият юритадиган масканга айлантириш орқали маҳалладаги кундалик ҳаётни янада жонлантириш, аҳоли ва ташриф буюрувчилар учун куннинг турли вақтларида хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш мақсад қилинган. Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларининг фаолияти, обод ва ёруғ пиёдалар йўлаклари ҳамда кўкаламзор ҳудудлар кўчанинг ўзига хос қиёфасини шакллантириб, уни аҳоли учун қулай масканга айлантиришга хизмат қилади.
Умуман, Ф. Хўжаев кўчасини ободонлаштириш ва инфратузилмасини такомиллаштириш нафақат ҳудуднинг ташқи кўринишини янгилаш, балки маҳаллада тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, янги хизмат кўрсатиш нуқталарини ташкил этиш ва аҳоли учун қўшимча қулайликлар яратишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Жадал суръатларда олиб борилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари якунида «Наврўз» маҳалласида замонавий қиёфага эга, аҳоли ва меҳмонлар учун қулай ҳамда жозибадор янги маскан шаклланиши кутилмоқда.
Bилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
