Хўжайлилик тиббиёт ходимлари Бухорода илғор тажрибани ўрганмоқда
2026-10-15 18:50:00 / Янгиликлар

Мазкур ташриф Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон республикасига ташрифи давомида берилган топшириқлар ижроси доирасида, Хўжайли тумани аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш мақсадида ташкил этилган. Қорақалпоғистонлик шифокор мутахассислар Ромитан ва Ғиждувон туманларидаги бирламчи тиббий ёрдам муассасалари, республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиали, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар. Жараёнда кадрлар малакасини ошириш, амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш, илғор тажрибаларни Хўжайли туманида жорий этишга доир зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Ҳамкорлик доирасида Бухоро вилояти мутахассислари иштирокида Хўжайли туманида 100 мингдан ошиқ фуқаро тиббий, профилактик ва чуқурлаштирилган кўриклар билан қамраб олинди.
Кўриклар натижасида 2 263 нафар фуқарода турли касалликлар аниқланиб, тегишли даволаш тавсиялари берилди. Туманда 323 та жарроҳлик амалиёти, жумладан, 97 та юқори технологик амалиёт бажарилди. Ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга муҳтож 31 нафар бемор Бухорога олиб келиниб, уларнинг 26 нафарида жарроҳлик амалиётлари ўтказилди, шундан 22 таси юқори технологик усулда бажарилди.
Беморларни даволаш ва жарроҳлик амалиётлари учун 259,8 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
Кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Хўжайли тумани тиббиёт бирлашмаси жарроҳи Ерполат Отекеев ва травматолог-ортопед Алибек Есбергенов Бухоро вилояти кўмагида Туркия республикасининг Соғлиқ билимлари университетида малака ошириб, тегишли сертификатларга эга бўлди.
Шунингдек, Хўжайли туман марказий касалхонасининг туғруқ бўлими “Бухорои шариф” жамғармаси ҳисобидан 629 миллион сўмлик, 8 турдаги тиббий жиҳоз билан таъминланди. Тиббиёт бирлашмаси маъмурий биноси олдидаги 500 квадрат метр ички йўл асфальтлаштирилди.
Қолаверса, мунтазам гемодиализ муолажасига муҳтож 20 нафар беморни Нукус шаҳрига олиб бориш учун “Дамас” автомобили хизмати жорий қилинди. Йўлни асфальтлаш ва автомобиль хариди учун жами 310 миллион сўм маблағ сарфланган. Айни пайтда Хўжайлтида маҳаллабай тиббий хатлов, хавф гуруҳларини аниқлаш ва манзилли даволаш ишлари давом этмоқда. Аввал Бухоро вилоят болалар фтизиатрия сиҳатгоҳида 38 нафар хўжайлилик бола соғломлаштирилган бўлса, яна 50 нафар бола ва ўсмирни даволаш-соғломлаштириш чоралари кўрилмоқда.
Бухоролик тиббиёт ходимларининг Хўжайли аҳолисига тиббий ёрдам кўрсатишдаги амалий кўмаги, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссаси ва юртдошларимиз саломатлиги йўлидаги масъулиятли меҳнатига нисбатан ҳурмат ифодасидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




