Бухорода Юсуф Қорабоғий номидаги озарбайжоншунослик маркази очилди
2026-10-13 17:40:00 / Янгиликлар

Мазкур марказнинг ташкил этилиши Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари ўртасидаги тарихий-маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, икки қардош халқнинг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ҳамда ёш авлоднинг тарихий билимларини кенгайтириш йўлидаги муҳим ташаббуслардан бири ҳисобланади.
Тантанали очилиш маросимида Бухоро давлат университети раҳбарияти, Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази вакиллари, Тарих факультети профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.
Тадбир давомида Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларини бирлаштириб турувчи кўп асрлик дўстлик ришталари, муштарак тарихий илдизлар, умумий маънавий қадриятлар ва бой маданий мерос хусусида сўз юритилди. Шунингдек, икки мамлакат ўртасида таълим, илм-фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, илмий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда маданий меросни келажак авлодларга етказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда илм-фан, таълим ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. Айниқса, тарихий шахслар ҳаёти ва ижодини ўрганиш, уларнинг илмий-фалсафий қарашларини тадқиқ этиш орқали халқлар ўртасидаги маънавий яқинликни янада чуқурроқ англаш мумкин.
Тантанали маросимдан сўнг иштирокчилар марказда яратилган шароитлар, мавжуд илмий-маърифий имкониятлар ва келгусида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар билан яқиндан танишдилар.
Янги марказ фаолиятида Озарбайжон тарихи, миллий маданияти, адабиёти, санъати ва илмий меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, мазкур маскан талабалар, ёш тадқиқотчилар ва профессор-ўқитувчилар учун илмий изланишлар олиб бориш, тарихий манбалар билан ишлаш ҳамда туркий халқларнинг муштарак меросини тадқиқ этишда муҳим майдон бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Шу куни университет ва Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Самимий мулоқот давомида Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларининг тарихий-маданий алоқалари, туркий халқларнинг муштарак илмий ва адабий мероси, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги таълим ва илм-фан соҳаларидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Давра суҳбатида буюк мутафаккир Юсуф Қорабоғийнинг ҳаёти ва илмий-фалсафий меросини ҳар томонлама ўрганиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Унинг илмий қарашларини тадқиқ этиш, ҳаёти ва ижодига оид манбаларни ўрганиш, шунингдек, ушбу меросни замонавий илмий ёндашувлар асосида ёш авлодга етказиш муҳим вазифалардан бири сифатида қайд этилди.
Шунингдек, марказ фаолияти доирасида илмий семинарлар, давра суҳбатлари, маънавий-маърифий учрашувлар ва илмий конференциялар ташкил этиш, қўшма тадқиқотларни амалга ошириш ҳамда икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасидаги академик алоқаларни кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди. Бу каби ташаббуслар талабаларнинг илмий салоҳиятини ошириш, ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш ва халқаро илмий тажриба алмашинувини ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Тадбир доирасида Озарбайжоншунослик марказига китоблар тақдим этилди. Мазкур адабиётлар марказнинг илмий-маърифий фондини бойитиш, талабалар ва тадқиқотчиларнинг Озарбайжон тарихи, маданияти, адабиёти ҳамда илмий-маънавий меросига оид билимларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Китоблардан таълим жараёнида, илмий изланишларда ва турли маърифий тадбирларни ташкил этишда фойдаланиш имконияти яратилади.
Мазкур марказнинг очилиши Бухоро давлат университети ва Озарбайжоннинг тегишли илмий-маданий муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратади. Энг муҳими, у икки халқнинг муштарак тарихини, миллий қадриятларини ва бой маънавий меросини чуқур ўрганишга, уларни ёш авлод онгига сингдиришга хизмат қилади.
Юсуф Қорабоғий номидаги озарбайжоншунослик марказининг фаолият бошлаши Бухоро давлат университетида халқаро илмий-маданий ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги муҳим воқеа бўлди. Ушбу ташаббус Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстлик ва биродарлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, илм-фан ва таълим соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш ҳамда икки қардош халқнинг бой меросини келгуси авлодларга етказишга муносиб ҳисса қўшади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати


