«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасида янги тизим жорий этилади
2026-10-12 19:40:00 / Янгиликлар

Фармонга мувофиқ, маҳаллаларда яшиллик даражасини ошириш мақсадида «3–30–300» халқаро стандарти жорий этилади. Унга кўра, ҳар бир инсон учун камида 3 та дарахт мавжуд бўлиши, дарахтлар сояси ҳудуднинг 30 фоизини қамраб олиши ҳамда 300 метр масофада яшил ҳудуд бўлиши назарда тутилган.
Шунингдек, 2030 йилга қадар яшил боғлар ва яшил жамоат парклари сонини 1 023 тага етказиш белгиланган. 2026 йилнинг куз мавсумида эса «Яшил макон» лойиҳаси доирасида 257 та яшил боғ ва жамоат паркини барпо этиш режалаштирилган. Бундан ташқари, 2030 йилга қадар ҳар бир туман ва шаҳарда камида 5 тадан, умумий узунлиги 10 минг метрдан кам бўлмаган сояли сайр кўчалари ташкил этилади.
Кўчат экиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилади
Жорий йил 1 октябрдан республика бўйлаб тозалик ва озодалик бўйича икки ойлик эълон қилинган. Унинг дастлабки босқичида яшил ҳудудлар учун мос майдонлар аниқланади, ерлар тайёрланади, кўчат ва буталар захираси шакллантирилади.
Бухоро вилоятида эса кўчат ва буталар экиш мавсуми 5 ноябрдан бошланиши белгиланган. Бу жараёнда ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитига мос дарахт ва бута турларини танлаш, кўчатларнинг яхши тутиб кетиши ва кейинги парваришини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.
«Яшил маҳалла» лойиҳаси янги босқичга кўтарилади
Фармонга кўра, 2027 йил 1 январдан «Яшил маҳалла» лойиҳаси доирасида «Маҳаллани яшиллаштириш» пакети жорий этилади. Унинг доирасида маҳаллаларга ўрмончи-мураббийлар бириктирилади, «Маҳалла еттилиги» аъзолари эса ҳар бир экиш мавсуми олдидан махсус ўқитилади.
Мазкур тизим орқали аҳолига дарахт экиш, суғориш, мулчалаш, компост тайёрлаш, кўчатларни парваришлаш, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш бўйича амалий тавсиялар бериб борилади.
Шу билан бирга, ботаника ва дендрология боғлари, ўрмон хўжаликлари, йирик яшил ҳудудлар ҳамда ободонлаштириш бошқармалари ҳудудларида компостлаш ва мулчалаш тизими йўлга қўйилади. Бунинг учун санитария ва гидрогеологик шароити мос жойларда узунлиги 12 метр, эни 4 метр ва чуқурлиги камида 1 метр бўлган махсус хандақлардан фойдаланиш назарда тутилган.
«Яшил лот» орқали аҳоли ташаббуслари қўллаб-қувватланади
Аҳолининг яшил боғлар барпо этишга қаратилган таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2027 йил 1 январдан «Яшил лот» тизими жорий қилинади. Ушбу тизим орқали мавжуд ер участкалари жисмоний ва юридик шахсларга яшил боғлар ташкил этиш учун ажратилади.
Бунда ер участкалари мулк сифатида берилмайди. Ажратилган ҳудудларда қурилиш ишларини амалга ошириш ва белгиланган мақсаддан ташқари фаолият билан шуғулланишга йўл қўйилмайди.
«Яшил AI» — кўкаламзорлаштиришда замонавий ёндашув
Фармонда кўкаламзорлаштириш ишларини рақамлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, тажриба тариқасида «Яшил AI» сунъий интеллект ассистенти ишга туширилади.
Ушбу тизим ернинг бонитет бали, тупроқ тури, сув таъминоти, иқлим шароити, сунъий йўлдош маълумотлари ва дала кузатувлари асосида кўкаламзорлаштириш ҳамда ўрмонлаштириш учун мақбул майдонларни аниқлашга хизмат қилади.
Шунингдек, ҳар бир ҳудудга мос дарахт ва бута турлари, кўчатлар сони, экиш схемаси ва муддати, суғориш ҳамда парваришлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади. Сув танқислиги, кўчатларнинг қуриши, касалликлар ва бошқа хавфлар харитада акс эттирилиб, масъулларга огоҳлантиришлар юборилади. Маълумотларни ягона харитада янгилаб бориш, тезкор мониторинг ўтказиш, прогнозлар тайёрлаш ва жамоатчиликка натижаларни очиқ тақдим этиш имконияти яратилади.
Бухорода галофит ўсимликларини етиштириш бўйича тажриба участкаси ташкил этилмоқда
Фармонда белгиланган вазифалар доирасида жорий йил 31 декабрга қадар маҳаллаларга кириш жойларида яшил ҳудудларни барпо этишнинг афзалликлари ва ҳудудларнинг экологик кўрсаткичлари ҳақида маълумот берувчи баннер ҳамда электрон таблолар ўрнатилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида галофит ўсимликларини етиштириш бўйича илмий-тажриба участкасини ташкил этиш ишлари бошланган. Мазкур йўналишдаги тадқиқотлар шўрланишга чидамли ўсимликларни етиштириш имкониятларини ўрганиш ва ҳудуднинг табиий шароитига мос кўкаламзорлаштириш ечимларини ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Умуман, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий этилаётган янги механизмлар яшил ҳудудларни кенгайтириш, экологик барқарорликни мустаҳкамлаш, аҳоли учун қулай яшаш муҳитини яратиш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишларида замонавий технологиялардан фойдаланишга қаратилган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





