Олот: “Умид Бранд” — маҳаллий ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик намунаси
2026-10-12 10:15:00 / Янгиликлар

“Оқ Олтин” маҳалласида фаолият юритаётган “Умид Бранд” МЧЖ ана шундай маҳаллий ишлаб чиқариш субъектларидан биридир. Мазкур корхона қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, ички бозор талабини қондириш, харидорларга зарур маҳсулотларни етказиб бериш ва маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш йўлида фаолият олиб бормоқда.
Корхонага маҳаллада истиқомат қилувчи тадбиркор Ёшузоқ Саломов томонидан асос солинган. Унинг тадбиркорлик фаолияти орттирилган тажриба, изланиш ва ташаббускорликнинг амалий натижаси ҳисобланади. Ёшузоқ Саломов аввал Россия Федерациясида ҳам тадбиркорлик билан шуғулланиб, ушбу соҳада муайян тажриба ва кўникмаларга эга бўлган. Йиллар давомида тўплаган билим ва тажрибаси унга ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этиш, бозор талабини ўрганиш ҳамда харидорлар эҳтиёжига мос маҳсулотлар тайёрлаш борасида муҳим асос бўлиб хизмат қилган.
Нафақага чиққанидан сўнг ҳам фаолиятини давом эттириш, янги ташаббусларни амалга ошириш ва юртимиз иқтисодиётига ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида у ўз тажрибасини маҳаллий шароитда қўллашга қарор қилган. Шу тариқа “Умид Бранд” корхонасида ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилиб, бугунги кунда қурилиш материаллари тайёрлаш йўналишида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Айни пайтда корхонада харидорлар талаби ва келиб тушаётган буюртмалардан келиб чиқиб, ротбанд сувоқ аралашмаси, кафел клейи ҳамда термо панеллар ишлаб чиқарилади. Ушбу маҳсулотлар қурилиш ва таъмирлаш ишларида кенг қўлланилиши билан аҳамиятлидир. Ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган асосий хомашё Қашқадарё вилоятидан келтирилади. Бу эса зарур хомашё таъминотини йўлга қўйиш ва ишлаб чиқариш жараёнини мунтазам ташкил этишда муҳим ўрин тутади.
Корхонанинг мавжуд ишлаб чиқариш имкониятлари ҳам эътиборга молик. Хусусан, кунига камида 50 қопдан сувоқ аралашмаси ва кафел клейи тайёрлаш, шунингдек, 150 донагача термо панел ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Бундай қувват маҳаллий бозорда қурилиш материалларига бўлган талабни қондириш, буюртмаларни ўз вақтида бажариш ва ишлаб чиқариш ҳажмини харидорлар эҳтиёжига мос равишда ташкил этишга хизмат қилади.
Корхонада ойига қарийб 2 минг қоп тайёр маҳсулот бозорга йўналтирилади. Термо панеллар эса асосан буюртмалар асосида ишлаб чиқарилади. Бунда харидорларнинг истаклари, биноларнинг ўзига хос хусусиятлари ва талаб этилаётган маҳсулот турлари инобатга олинади. Буюртма асосида ишлаб чиқариш ёндашуви маҳсулотларни эҳтиёжга мос тайёрлаш ва мижозлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконини беради.
Айниқса, корхонада ишлаб чиқарилаётган термо панеллар ўзининг амалий хусусиятлари билан ажралиб туради. Улар биноларнинг ташқи кўринишини замонавийлаштириш, фасадларни янада чиройли ва тартибли кўринишга келтириш билан бирга, иссиқликни сақлашга ҳам кўмаклашади. Айрим турдаги панеллар юзасини сув билан ювиб тозалаш мумкинлиги эса улардан фойдаланишда қўшимча қулайлик яратади. Бундай маҳсулотлар қурилиш ва таъмирлаш жараёнида қулай ҳамда амалий ечимлардан бири сифатида аҳамият касб этади.



