Когон тумани: электр таъминоти корхонаси куз-қиш мавсумига тайёрланмоқда
2026-10-10 16:35:00 / Янгиликлар

Айни кунда тумандаги 23 та маҳалланинг барчаси электр энергияси билан тўлиқ таъминланган бўлиб, жами 21 758 та аҳоли хонадони ва барча улгуржи истеъмолчиларига барқарор хизмат кўрсатиб келинмоқда. Шундан 20 432 та аҳоли хонадонлари ҳамда 1 326 та улгуржи истеъмолчига туман электр таъминоти корхонаси бевосита хизмат кўрсатиб келмоқда.
Жорий 2026-2027 йилги куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш ва тармоқлардаги юкламаларни барқарорлаштириш борасида муайян натижаларга эришилмоқда.
Трансформатор пунктлари ва янги тармоқларга тўхталсак, "Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла", "Оғир маҳаллаларни ривожлантириш" дастурлари ҳамда "ОПЕК" маблағлари ҳисобидан туманда жами 32 та трансформатор пункти шай қилиниб, 87 километр янги ҳаво тармоғи тортилди ва 2 917 та темир-бетон таянч устуни ўрнатилгани аҳоли истеъмолчилари учун катта қулайлик, албатта.
Жорий ва мукаммал таъмирлаш ишларига келсак, туман электр тармоқлари корхонаси балансидаги 247,9 километр паст ва юқори электр узатиш тармоқлари тўлиқ жорий таъмирланиб, эгилган таянч устунлари тўғриланди. Яроқсиз траверс ва изоляторлар алмаштирилиб, бўшаб осилган симлар қайта тортилди.
Режадаги 53 дона трансформатор пункти ва 151,3 километр масофада, 10/0,4 кВ соат қувватга эга ҳаво тармоғи мукаммал таъмирланди. Шунингдек, қўшимча равишда яна 138 дона трансформатор пунктида жорий таъмирлаш ишлари бажарилди.
Авария ҳолатларининг олдини олиш, куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган авариявий ҳолатларга йўл қўймаслик, нуқсон ва камчиликларни тезкор бартараф этиш учун 4 та махсус авария тиклаш бригадаси ва 4 та махсус транспорт воситаси шай ҳолатга келтирилди.
Албатта, эҳтиёт шарт, ҳар йилги куз-қиш мавсуми зарур заҳирани тақозо этади. Туман электр таъминоти корхонаси марказий омборида 2 дона трансформатор пункти, 300 метр сим, 500 метр кабел, 200 литр трансформатор мойи, ўнга яқин темир-бетон таянч устуни ва яна шунча муфта тайёрлаб қўйилган.
Умуман олганда Когон туман электр таъминоти корхонаси томонидан туманда электр энергия таъминотини яхшилаш ва куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган авариявий ҳолатлар олдини олишга қаратилган зарур чоралар кўрилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
