Пешку: табиий иссиқхона шароитида кечки сабзавот кўчатлари етиштирилмоқда
2026-10-08 15:20:00 / Янгиликлар

Хусусан, бу ерда апельсин, мандарин, кумқувват ва памела навли цитрус мевалар етиштирилмоқда. Шунингдек, табиий иссиқлик ёрдамида иссиқхона шароитида помидор, бодринг, булғор қалампири кўчатлари етиштирилиб, Эрон ва бошқа хориждан келтирилган янги навлар парваришига эътибор қартилган.Аҳоли дастурхони тўкинлиги учун бир неча йил помидор, картошка, бодринг, булғор қалампири, исмалоқ ва бошқа кўкатлар етиштирган қаҳрамонимиз иссиқхона шароитида қўшимча равишда лимон, апелсин, мандарин кўчатлариниэкиб парваришлаб, мўл ҳосил олишга эришмоқда.
Ҳар йили қишки мавсум олдидан “Peshku limonchilik ravnaqi” МЧЖда иссиқхона ичида дугали сим тортиб, плёнка остида сабзавот ва цитрус мева кўчатларини етиштириш тажрибаси ҳам пухта ўзлаштирилган. Шу боис, томорқа меҳнатига бефарқ бўлмаган кўплар бу хўжалик ва унинг миришкорлари билан устоз-шогирдлик анъанасини йўлга қўйган. “Ҳолва деган билан оғиз чучимас” деганларидек, Нусрат Саидов кейинги йилларда ўзимиз яхши биладиган ўрикнинг ноёб 3 хил турини чет эллардан келтириб, маҳаллий иқлимга мослаштириб, шундан пишиқчилик мавсумида мўл ҳосил етиштиришнинг ҳам уддасидан чиқмоқда.
—Тўғри агротехник парвариш, ерга тўғри муносабат—баракали ҳосил кафолати,—дейди хўжалик раҳбари Нусрат Саидов.—Ёз ойларида кўчат етиштириладиган ернинг ҳар сотихига 300-400 килограмдан маҳаллий, зарур ҳолда фосфорли ва калийли ўғит киритиб, ерни ҳайдаб, суғориб, уруғни саралаб экканмиз. Ҳозирда парник шароитида ҳар сотих ерда кечки помидор, бодринг ва булғор қалампири кўчатларимиздан 400 тупгача ундириб, тайёрлаяпмиз. Бу кўчатларни ўз еримизга кўчириб ўтқазиб, ҳосил етиштириш баробарида аҳоли томорқачиларга сотиб, меҳнатимизга яраша моддий манфаатдорликка эришамиз. Муҳими, қишки мавсумда иссиқхонада табиий шароитда сифатли ва соғлом кўчат етиштириш, экин еридан самарали фойдаланиш ва ҳосилдорликни ошириш юзасидан томорқачи ҳамкорларимиз билан баҳамжиҳат ишлаб, кўзланган натижага етишмоқдамиз.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати



