Бухоро тумани: “Туркон”да токзор қатор ораларида қулупнай етиштирилмоқда
2026-10-05 14:05:00 / Янгиликлар

У узоқ йиллардан буён боғдорчилик ва узумчилик билан шуғулланиб келади. Айни пайтда хўжалигида 1 гектар майдонда узумнинг “Аватар” ва “Ҳусайни” навлари парваришланмоқда. Токзор қаторларида узум ҳосилини етиштириш билан бир қаторда, мавжуд ер майдонидан унумли фойдаланиш мақсадида қатор ораларида қулупнай етиштириш тажрибаси ҳам бошланган.
Бу усул нафақат ер майдонидан самарали фойдаланиш, балки хўжаликда қўшимча даромад манбаини яратиш имконини бермоқда.
Шаҳобиддин Зарипов қулупнай етиштиришни дастлаб тажриба тариқасида бошлаган. Бунинг учун Наманган вилоятининг Чуст туманидан қулупнайнинг “Алба” ва “Малга” навларига мансуб кўчатлар келтирилди.
Сентябр ойининг ўрталарида 10 сотих майдонга қарийб 10 минг туп кўчат экилиб, уларни парваришлаш ишлари бошлаб юборилди. Ҳозирда кўчатларнинг маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мослашуви, илдиз отиши ва ривожланиши мунтазам кузатиб борилмоқда.
Қулупнай етиштиришда агротехник тадбирларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кўчатларни суғориш, озиқлантириш, бегона ўтлардан тозалаш, касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш ҳамда ўсимликларнинг ривожланишини назорат қилиш ишлари белгиланган тартибда олиб борилмоқда.
Айниқса, Бухоро вилоятида куз-қиш мавсумида ҳаво ҳароратининг пасайиши ҳисобга олиниб, қулупнай кўчатларини совуқдан асраш чораларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда майдон усти махсус плёнка билан ёпилиб, кўчатларнинг совуқдан зарарланмаслиги учун зарур шароит яратилмоқда.
— Қулупнай етиштиришни аввало тажриба сифатида бошладик. Чустлик миришкорлар билан ҳамкорликда еримизга 10 минг тупга яқин кўчат ўтказиб, уларни парваришлаяпмиз. Ҳозирча асосий мақсадимиз кўчатларни маҳаллий шароитга мослаштириб, сифатли ҳосил олиш учун барча агротехник тадбирларни тўғри ташкил этишдан иборат. Келгусида табиий, тоза ва сифатли қулупнай мевасидан 5 тонна атрофида ҳосил олишни режалаштирганмиз. Етиштирилган маҳсулотни аҳоли дастурхонига етказиб, оиламиз учун қўшимча даромад манбаини яратиш ниятидамиз, — дейди Шаҳобиддин Зарипов.
Унинг айтишича, қулупнай етиштириш тажрибасининг дастлабки натижалари ижобий бўлса, келгусида ушбу йўналишдаги майдонларни кенгайтириш ва кўчатлар сонини кўпайтириш режалаштирилган.
Бу эса хўжаликда биргина маҳсулотга боғланиб қолмасдан, турли мавсумларда турли хил қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш орқали даромадни ошириш имконини беради.
Шаҳобиддин Зарипов хўжалигида қулупнай билан бир қаторда узумчиликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.
1 гектар майдондаги токзорда “Аватар” ва “Ҳусайни” навлари парваришланмоқда. Янги навларга хос агротехник тадбирларни қўллаш, токларни ўз вақтида буташ, озиқлантириш ва ҳосилдорликни ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
— Бундан ташқари, водий боғбонларининг иш тажрибасидан фойдаланиб, янги навларга хос узум етиштиришга ҳам жазм этдик. Ҳозирда токзоримизни мунтазам парваришлаяпмиз. Ҳосил кўрсаткичи ёмон эмас. Оила аъзоларимиз кўмагида бу токзордан 5 тоннадан зиёд сархил ҳосил олишга ҳаракат қиляпмиз, — дейди тадбиркор.
Узумчилик ва қулупнай етиштиришни бир хўжаликда уйғунлаштириш орқали ер майдонидан йил давомида имкон қадар самарали фойдаланиш кўзда тутилган.
Туркон маҳалласидаги ушбу тажриба томорқа ва қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона фойдаланиш, бир майдонда бир неча турдаги маҳсулот етиштириш ҳамда оилавий даромадни ошириш борасидаги амалий ташаббуслардан биридир.
Қишлоқ хўжалигида бундай тажрибаларни кенгайтириш, айниқса, сув ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, талаб юқори бўлган маҳсулотларни етиштириш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга хизмат қилади.
Шаҳобиддин Зариповнинг ҳисоб-китобларига кўра, узумчилик билан бир қаторда қулупнай етиштиришдан келгусида олинадиган даромад 150 миллион сўмдан кам бўлмаслиги кутилмоқда.
Энг муҳими, ушбу хўжаликдаги тажриба маҳаллада бошқа томорқа эгалари учун ҳам қўшимча даромад манбаларини излаш, қишлоқ хўжалигида янгича ёндашувларни қўллаш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш учун амалий намуна бўлиб хизмат қилмоқда.
Bилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
